Зарбдор туманида сув тежовчи технологиялар жорий этиш мавзуига бағишланган семинар ташкил этилди. Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирга фермерлар, деҳқон ва томорқа хўжаликлари вакиллари таклиф этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган юмушлар ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Зарбдор туманида ўтган уч-тўрт йил ичида жами 6 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлса, бу йилнинг ўзида бу кўрсаткични 7 минг 400 гектарга етказиш кўзда тутилгани таъкидлаб ўтилди.
Анжуманда режа салмоқли эканлиги, шунинг учун ҳам, барча ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш йўлида барча имкониятлар ишга солиниши зарурлиги уқтирилди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати