Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди
2024 йилнинг 11-12 апрель кунлари Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 86-йиғилиши бўлиб ўтди.
11 апрель куни тадбир доирасида 2024 йил вегетация мавсуми учун Сирдарё ҳавзасига боғланган майдонларда сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Баҳри Точик” сув омборидан қўшимча сув чиқарилишини ташкил қилиш бўйича баённома лойиҳаси кўриб чиқилди. Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Д.Жума қатнашди.
Ш.Хамраев 2023 йил вегетация мавсуми муваффақиятли якунлангани, “Бахри Тожик” сув омборидан қўшимча сув чиқариш бўйича уч томонлама келишувларга эришилгани ва истеъмолчиларни сув билан таъминлаш даражаси ошганини эътироф этган ҳолда жорий йил суғориш мавсумида ҳам ушбу тадбирларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда Баённомани жорий йилнинг май ойида имзолашга келишилди.
12 апрель куни Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 86-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Д.Жума, Туркманистон Республикаси Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д. Генжиев, Қирғиз Республикаси қишлоқ хўжалиги ва саноатни қайта ишлаш вазири ўринбосари ‑ А. Сокеев, комиссиянинг ижро этувчи органлари ҳисобланган Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, шунингдек, комиссия котибияти ва Илмий-ахборот маркази раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев 2023 йил вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказишда қўшган ҳиссаси учун “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, Илмий-ахборот марказига ва комиссия котибиятига миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратганини, мулоқот, самарали муроса ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишга асосланган конструктив муносабатлар сув хўжалиги соҳасида алоқаларнинг мутлақо янги муҳитини шакллантириш имконини берганини таъкидлади.
Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарларининг саммитларида илгари сурилган ташаббуслар ижроси ҳақида ҳисоботлар эшитилди.
Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2023 вегетация даври учун сув олиш лимитлари ва сув омборларининг амалда иш режими якунлари бўйича ҳисоботлар муҳокама қилинди.
“Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзаларида 2024 йил вегетация мавсумида давлатларнинг сув олиш лимитлари ва сув омборлари каскадларининг прогноз ишлаш режими тасдиқланди.
Йиғилишда комиссиянинг ваколатига кирувчи бошқа қатор масалалар ҳам кўрилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 87-йиғилишини 2024 йил Туркманистонда ўтказишга келишиб олинди.
Ахборот хизмати