Бандихон туманида фермер хўжаликлари, кластер ташкилотлари ҳисобида турган ҳамда аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари боғ-роғларини ҳисобга олганда умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил этади. Туманнинг «Тошкент», Ғафур Ғулом номли, «Зафаробод», «Пахтакор», «Йўлчи юлдуз Бандихон» ҳудудларидаги 7,5 минг гектар экинзорларни обиҳаёт билан таъминлаш «Бандихон-1» насос станциясининг узлуксиз ишлашига боғлиқ.
Ўттиз нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилаётган мазкур насос станциясида 8 та 24НДС русумли агрегат бўлиб, жамоа аъзолари уларни доимо созлаб, узлуксиз ишлашини таъминлашаётир. 1973 йил қурилиб фойдаланишга топширилган насос станцияси «Шеробод» каналидан сув тортиб, диаметри 730 миллиметрли темир қувурлар орқали 45 метр баландликка кўтариб, «Бандихон» каналига ташлайди ва бир неча суғориш тармоқлари орқали сув 7,5 минг гектар экин майдонларига кириб боради. Қувурларнинг бир қисми ер остига кўмилгани туфайли ўтган ярим аср мобайнида занглаб, илма-тешик бўлиб қолганди. Насослар юқори босим билан ишлаганда қувурларнинг яроқсиз ҳолга келган қисмидан сувнинг бир қисми сизиб чиқиб ер остига сингиб кетар ва ер устига тошиб ётарди. Натижада истеъмолчиларнинг талаби бўйича чиқарилаётган обиҳаётнинг бир қисми беҳудага исроф бўларди. Кузги-қишки таъмирлаш мавсумида насос станцияси ва энергетика бошқармаси раҳбарияти объектдаги ҳолатни ўрганиб, зарур маблағ ва қувурлар ажратилди. Жамоа аъзолари насос агрегатларини таъмирлаш жараёнида бир йўла 70 метр узунликдаги темир қувурларни ҳам янгисига алмаштиришди.
– Айни пайтда насос станциясидаги 6 та агрегат ишга қўшилган бўлиб, шу ҳисобда ҳам каналларда сув тўлиб оқиб турибди, – дейди Бандихон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Шавкат Норқўчқоров. – Муҳими, эскирган қувурларни алмаштириш эвазига сувнинг беҳуда исроф бўлишининг олди олинмоқда. Ушбу насос станциясига тегишли яна 140 метр узунликдаги диаметри 730 миллиметрли темир қувурларни алмаштириш режалаштирилган. Ҳозир деҳқонлар чигит экаётгани ва ғалласини суғораётгани учун насос агрегатлари тўхтатмай турилибди. Истеъмолчиларнинг сувга эҳтиёжи бирмунча камайганда қувурнинг қолган қисми ҳам янгисига алмаштирилади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати