Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги «Шеробод» насос станцияси вилоятдаги йирик станциялардан бири ҳисобланади. «Жанубий Сурхон» сув омборидан канал орқали келувчи обиҳаётни 35 метр баландликка кўтариб, Қизириқ, Бандихон, Шеробод, Музработ туманлари экинзорларини суғоришга хизмат қилувчи ушбу насос станциясида 7 та йирик агрегатлар режим асосида ишлатиб келинмоқда. «Сувхўжаликназорат» инспекцияси мутахассислари жамоада меҳнат қилаётган 30 нафар муҳандис-техник ходимлар иштирокида семинар ўтказиб, станциясидаги мавжуд гидротехника иншоотларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қандай амал қилинаётгани ҳамда техник ҳолатини ўрганишди. Станциядаги агрегатлар йирик, ноёб ҳамда эҳтиёт қисмлари нархи қиммат ва топилиши қийин. Шунинг учун жамоа аъзолари агрегатлар ва электр двигателларни доимий техник қаровдан ўтказишаётгани, ҳар бир агрегатни навбат билан ишга қўшиш, тез-тез таъмирлаб туриш, носоз ҳолга келган айрим ускуналарни янгисига алмаштириш ёки қайта созлаб яна фойдаланиш эвазига агрегатлар ва жиҳозлар умрини узайтириб, истеъмолчилар талаби бўйича далаларга етарлича сув етказиб беришаяпти.
Назорат инспекцияси вакиллари семинар жараёнида жамоа аъзоларига ҳар бир гидротехник иншоот, агрегат, электр двигателларни хафсиз, ишончли ва техник соз ҳолатда ишлатиш қоидаларига амал қилиш, гидротехника иншоотларини бошқариш, сув ҳисобини тўғри юритиш бўйича ўз тавсия ҳамда маслаҳатларини беришди.
Биринчи насос агрегати таъмири бўйича бажарилаётган ишларни кузатган инспекция вакиллари, айниқса, электр жиҳозларини жойлаштиришда хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаётганлигини аниқладилар. Дренаж тармоқларидаги носозлик туфайли сув беҳуда оқиб ётгани, агрегатлар, айниқса, электр двигателларни созлаш жараёнида айрим кабеллар тармоқдан узилмагани, станция ички қисми тартибга келтирилмай тўзиб ётгани каби хато-камчиликлари насосчиларга тушунтирилди.
Насос станцияси атрофида анча ер бўлиб, сув – бир қадам. Аммо ходимлар бўш жойларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга негадир уринишмаган. «Яшил макон» лойиҳаси доирасида станцияси ҳудудига ўтқазилган мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари ҳам тўлиқ кўкармаган, анча жой фойдаланилмай ётибди. Анча илгари насос станциясининг иссиқхонаси бўларди, лимон ва эртачи сабзавотлар етиштириларди. Бугун эса иссиқхонанинг жойи турибди, усти ёпилмаган. Лимон дарахтлари ҳам йўқ ҳисоби. Чорва моллари, парранда боқишга қулай шароит бўлишига қарамай, бу имкониятдан жамоа тўлиқ фойдаланилмаётгани танқид қилиниб, ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш ҳусусида тавсиялар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати