Боёвут туманидаги “Тинчлик” маҳалласида “Обод хонодон – обод кўча – обод маҳалла” дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларига Боёвут тумани ирригация бўлими жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Шу кунгача “Деҳқонобод” ва “3-Боёвут”, мана ҳозирги кунда “2-Боёвут” ҳудудуди тозаланяпти, – дейди Боёвут тумани ирригация бўлими мутахассиси Ғ.Зарифов. – “Тинчлик” маҳалласидан ўтган зовурнинг 4,5 километрлик қисми тозаланмоқда, ҳозирда 3 километрдан ортиқ жой тозаланиб, ободонлаштириб бўлинди. Бу борадаги ишларни мустақиллик байрамигача тўлиқ якунлашни режалаштирганмиз.
Бундан ташқари, Боёвут туманидан ўтган “Олтинсой” коллекторининг 130 километр масофасида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, бунинг учун маҳаллий бюджетдан 3 млрд. 400 млн. сўм маблағ ажратилган. Таъмирлаш-тиклаш ишларига 5 дона экскаватор жалб қилинган.
Санжар Тошпўлатов,
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот котиби