«Сувхўжаликназорат» инспекцияси Сурхондарё вилояти бошқармаси жамоаси ирригаторлар, канал бошлиқлари ва насос станциялари томонидан суғориш тармоқларига етказиб берилаётган обиҳаётдан жойлардаги истеъмолчилар қандай фойдаланаётганини мониторинг қилиш мақсадида рейд ўтказишаяпти. Ходимларимиз Шеробод туманига бориб, истеъмолчилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори талабларининг бажарилиши ўрганилди.
Аниқланишича, Шеробод тумани ирригация бўлими таркибидаги «Ўнг тармоқ» каналининг Р-14, Р -15, Р -17, Р-17,1, Р-18 сув ажратиш нуқталарида сув ҳисобини юритувчи рейка кўрсаткичлари ўрнатилмаганлиги сабабли ажратилган обиҳаётнинг секундига 900 литри ўзимбошимчалик билан тақсимлаб берилаётгани ойдинлашди. Шу каналнинг ПК-16-1 қисмидаги сув ажратиш нуқтасидан Э.Бердиев ҳудудига лимит бўйича ажратилган секундига 3 метр куб сув назоратсиз қолдирилгани туфайли ушбу ҳудуддаги ички йўлларга тошиб, кўллаб, фойдаланилмай К-18-1 коллекторига тушаётгани аниқланиб, ортиқча сарфланишининг олди олинди.
Ҳозир кўпчилик хўжаликлар далаларида кузги ғалла экилаяпти ва дон тушган майдонларни зудлик билан суғориш зарур. Афсуски айрим фермер хўжаликлари ва бошқа истеъмолчилар ҳам исрофгарчиликка йўл қўйишмоқда. Туманнинг В.Қодиров ҳудудидаги «Бўриев Тўхта» фермер хўжалигининг 7,5 гектар даласига экилган ғаллани суғориш жараёнида сувчиларга етарлича шароит яратиб берилмаган, иссиқ овқат йўқ, ўқариқлар узунлиги 100–150 метр, тунги суғориш ташкил қилинмаганлиги туфайли даланинг охирги қисмида сув кўллаб ётганлиги аниқланди ҳамда фермер хўжалиги раҳбари Умид Мелиев огоҳлантирилди.
Ғалла экилган далаларни суғориш мақсадида «Ўнг тармоқ» каналига ҳозирда кўпроқ сув берилаётир. «Хўжақия-1» ва «Хўжақия-2» маҳаллаларида яшовчи фуқаролар Абдузокир Ҳакимов, Бекзод Қурбонов, Ҳасан Алибоев, Йўлдош Абдуллаев, Олмос Шавқунов, Эркин Раҳимназаровлар эса каналга рухсатсиз 11 та ҳар хил типдаги насос агрегатларини ўрнатиб қўйиб, томорқа ва бошқа экинларини суғотишаётгани аниқланиб, насос агрегатлари ўчирилди ва секундига 352 литр сув ғалла экилган далаларга бошқарилди. Шунингдек, каналнинг ПК-18 қисмидаги сув ажратиш нуқтасидан секундига 100 литр ажратилган обиҳаёт аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланиб, «Абдулла Муҳаммад Асилбек» фермер хўжалигининг 18 гектар ғалла майдонига йўналтирилди.
Каналнинг «Ўзбекистон» ҳудудидаги боғдорчилик фермер хўжаликлари ҳамда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан фойдаланилаётган обиҳаёт «Хўшбоқбобо», «Раҳмон ўғли Умид», «Абдуносир келажаги сари» фермер хўжаликларининг ғалла майдонларига етказиб берилди.
Бундан ташқари, каналнинг ПК-18-1-6 ва ПК-18-1-7 қисмларидаги сувни ажратиш нуқтасидан сув тақсимланадиган гидротехник иншооти масъул шахс Мамаражаб Раимназаров томонидан бир неча йилдан бери таъмирланмай келинаётгани ва бу ҳақда туман ирригация бўлимини хабардор қилмаганлиги туфайли сув ўлчаш анчадан бери тахминий бажарилаётгани аниқланиб, масъул шахсни тегишли тартибда жазога тортиш учун тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Хуллас, ҳар қатра сувдан самарали ва тежаб фойдаланишни мутахассисларимиз доимий равишда кузатиб боришади ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилади.
Шуҳрат Суюндиков,
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбари