Сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш бугун ҳам деҳқоннинг, ҳам сувчининг олдида турган энг долзарб вазифа десак муболаға бўлмайди. Зотан оби ҳаётга талаб кундан кунга ортиб бораётган бир пайтда сув мавзуси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан оқиб ўтувчи “Жўн” каналининг ПК-438+00 қисмида бўлиб ўтган амалий семинарда шу ҳақда сўз борди. Унда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, туман бўлимлари мутахассислари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Семинарда сувнинг ҳисобини юритиш, махсус хизмат фаолиятини янада ривожлантириш, тумандан туманга оқиб ўтувчи канал сувининг ҳисобини юритиш масаласи муҳокама этилди. Семинар иштирокчилари буни “Жўн” канали мисолида ўрганишди.
“Жўн” туманлараро канал бўлиб, вилоятнинг Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманларидаги экин майдонларини суғоришга мўлжалланган. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, жорий йилда каналнинг Янгийўл туманидан оқиб ўтган 6,2 км масофадаги қисмида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди. Тадбирда “Жўн” канали сувидан унумли фойдаланиш, уни беҳудага исроф қилмаслик, керак бўлса ҳар бир томчиси қадрланиши кераклиги таъкидланди.
– Сув хўжалигида махсус хизматнинг ташкил этилиши сувни тежаш, ундан самарали фойдаланиш, энг муҳими сувнинг эгаси борлигини англатди, – деди “Бўзсув” ИТБ бошлиғи Р.Фозилов. – Махсус хизматни ривожлантириш учун, энг аввало, истеъмолчилар билан сувчилар ўртасидаги муносабатни шакллантириш зарур. Бу олди-берди журналларида сувнинг ҳисобини қайд этиб бориш орқали намоён бўлади.
Дарҳақиқат, сувнинг ҳисобини юритмай туриб, унинг қадрига етмайди киши. Семинар давомида гидрометрлар ва махсус хизмат фаолиятини янада ривожлантириш, ички тармоқларда гидропостлар ташкил этиш, сув ўлчаш далолатномаларини расмийлаштириш масалаларига қайта-қайта мурожаат қилинди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати