Ахборот технологиялари ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича галдаги семинар Сариосиё тумани ирригация бўлимида ўтказилди. Семинарда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида сув хўжалигини рақамлаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Туман ирригация бўлими тасарруфидаги ирригация объектларига қурилмаларни ўрнатиш бўйича топшириқни бажаришда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди. Кейинги икки йилда объектларга атиги 7 дона «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилган, холос. Энг ачинарлиси, каналларга ўрнатилган қурилмаларнинг бирортаси ҳам ишламаяпти. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай қурилмаларнинг ишлаётган-ишламаётгани тўғрисида ҳеч ким бош қотирмаган. Ваҳоланки, бу қурилмаларни ўрнатиш учун давлатнинг, демакки, халқнинг маблағи сарфланган. Бу эса ирригация бўлимидагилар қурилмалар тақдири билан сира шуғулланмаганлигидан далолат.
Семинарда жорий йилда туман ирригаторлари зиммасига суғориш объектларига 20 дона «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш асосий вазифа қилиб қўйилгани эслатилди. Йил якунланаётган бўлишига қарамай ҳар хил сабаб ва важлар билан ирригаторлар бу ишни тезлаштириш учун жон койитишмаяпти. Каналларга 7 дона қурилмаларни ўрнатиб қўйиб, топшириқни бажараяпмизку, дейиш сариосиёлик ирригаторларга ярашмайди. Қолган объектларга қурилмаларни ўрнатиш учун яна 209 миллион сўм талаб этилади. Туман ирригация бўлими раҳбари ҳамда ҳисобчисига молия муассасалари мутахассисларини тез-тез безовта қилиб маблағ сўраш, фермер ва кластер ташкилотларини ҳомийликка жалб қилиб бўлсада, йил охиригача маблағ топиш, қолган 13 та объектга қурилмаларни қўйиш топшириғи берилди. Бундан ташқари, аввалдан қўйилган қурилмалар сим карта тўловларини амалга ошириш, барчасини ишчи ҳолатига келтириш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати