“Сурхондарёсувқурилишинвест” давлат муассасаси томонидан “Олтинсой туманидаги “Хидиршо” ва “Обшир” маҳаллалар фуқаролар йиғинлари марказига “Ҳазорбоғ” каналидан секундига 250–300 литр сув чиқариш қувватига эга янги насос станцияси қуриш” объектида семинар ўтказилди.
Семинарда йилдан-йилга ўтувчи ушбу объектда “2-сон МКК” МЧЖ қурувчилари жорий йилда 6 миллиард сўмдан зиёд қурилиш-монтаж ишларини бажариш режалаштирилган бўлиб, амалда 5 миллиард 864,4 миллион сўмлик ишлар уддаланиб, бу борадаги режа 97 фоизга адо этилгани эътироф қилинди. Қурувчилар “Ҳазорбоғ” каналидан сув чиқариш учун янгидан икки кўтарма насос станциясини қуриш жараёнида амалга оширилган ишлар сифати назорат қилиниб, қурувчиларга йўл қўйилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Семинарда бошқа объектларда иш бажараётган пудратчи ташкилотларнинг бажараётган ишлари таҳлил қилиниб, вазифани кўнгилдагидек адо этаётган пудрат ташкилотлар бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатилиб, сусткашликка йўл қўяётган пудрат ташкилотларининг раҳбару мутахассисларига белгиланган вазифаларни ўз муддатида бажариш топшириқлари берилди.
Семинарда пудратчи ташкилотлар томонидан дуч келинаётган муаммолар айтилиб, давлат муассасаси томонидан имкон қадар амалий ёрдам беришга келишиб олинди.
Семинарда объектда мўлжалланган ишлар 2024 йилга бориб якунланиши натижасида ҳар икки маҳалладаги 400 гектар қишлоқ хўжалик экин майдонлари ва аҳоли томорқалари, шунингдек, янгидан барпо этилаётган мевали боғлар ва узумзорларни кафолатли сув билан таъминлашга эришилиши таъкидланиб, насос станциясини сифатли қуриб топшириш вазифаси масъулларга тушунтирилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати