Келгусида экиладиган экин турларининг ривожи, ҳосил бўлиқлиги, энг асосийси ундан олинадиган даромад миқдори ерни мелиоратив ҳолатига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Бу борадаги юмушлар бошқа вилоятларга қараганда, Сирдарёда анчагина эътибор талаб этади.
Сайхунобод туманида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган навбатдаги кўргазмали семинарда тумандаги “Кендик” коллекторини тизимли таъмирлаш-тиклаш борасида олиб борилаётган ишлар, келгусида бажарилиши кўзда тутилган вазифалар тўғрида сўз юритилди.
Ва шу билан бирга, узунлиги 60 км бўлган “Кендик” коллекторини таъмирлаш ва тиклаш ишларида бевосита иштирок этаётган пудратчи ташкилот "Шоҳрух-Демирбек" масъулияти чекланган жамияти ишчи-хизматчилари томонидан шу бугунги кунгача бажарилган ишлар ҳажмига, келгусида ушбу коллекторда бажарилиши кўзда тутилган ишлар, унинг бажарилиш муддатига аҳамият қаратилиб, ушбу коллектор тўлиғича таъмирланиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг, ўртача шўрланган ер майдони 100 гектарга, сизот сувлар сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 600 гектарга камайиши, бунинг натижасида ҳосилдорлик миқдори бир неча маротабага ошиши таъкидланди.
Энг асосийси, “Кендик” коллектори ҳисобига мелиоратив ҳолати ёмонлашган, 500 гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолати барқарорлашиб, 1200 гектар ер майдонининг ҳолати яхшиланади.
Сайхунободда Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан ўтказилган семинарда бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, бунинг учун қўшимча механизмларни жалб этиш, кузатув қудуқларини таъмирлаш, ўлчов ишларини муддатида ўтказиш, коллекторларни ишчи ҳолатини доимий назорат қилиб бориш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида коллекторлар четига кўчат экиш, кузги-қишки мавсумда мелиоратив ҳолати ёмон, унумдорлиги паст бўлган ер майдонларда шўр ювиш ишларини ташкил этиш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати