Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Ш.Суюновнинг “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экин майдонларидан унумли фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш” бўйича вазирлик тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари учун расмий баёноти
Сув – улуғ неъмат.
Ариқларимиздан оқаётган зилол сувлар, қувурлар орқали хонадонимизгача етказиб берилаётган соф ва тотли оби ҳаёт, унумдор ва серҳосил суғориладиган ерлар, миришкор ва соҳибкор бобо деҳқонлар – буларнинг бари Яратганнинг халқимизга бебаҳо иноятидир.
“Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзасида жойлашган жонажон диёримизда сувчиларнинг машаққатли хизматлари эвазига далаларга сув етказиб берилиб, экинлардан мўл ҳосил олинаяпти, бозорларимиз йилнинг тўрт фаслида ҳам тўкин, дастурхонларимиз озиқ-овқат маҳсулотларига тўла, турмушимиз йилдан йилга фаровонлашиб бораяпти.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз сув хўжалиги соҳасини комплекс ривожлантириш, мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, рақамли ва сувни тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муайян натижаларга эришилмоқда.
Ташвишланарли томони, Марказий Осиёда сув тақчиллиги муаммоси йилдан йилга чуқурлашиб бораяпти. Ўзбекистонда фойдаланиладиган сувнинг 20 фоизи республика ичкарисида, 80 фоизи эса қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланади. Глобал иқлим ўзгаришлари, минтақада ёғингарчилик миқдорларининг йилдан йилга камайиши сув ресурсларига ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 млрд. м3 атрофида бўлган, ҳозирга келиб 51-52 млрд. м3 га тушиб қолди. Агарда шу тенденция давом этадиган бўлса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ҳозиргидан 25 фоизга камайиб кетади.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади. Вақт ўтиши билан иқтисодий зарар ялпи минтақавий маҳсулотнинг 11 фоизига етиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозирнинг ўзидаёқ минтақа давлатлари сув ресурслари тақчиллиги ва ундан самарасиз фойдаланиш оқибатида йилига 2 млрд. долларгача маблағ йўқотаётганидан огоҳлантирмоқда.
Минтақадаги қўшни давлатлар билан низо ёки зиддиятлар юзага келган тақдирда трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланишда қанчалик машаққат ва муаммолар пайдо бўлишини яқин тарихда бошдан ўтказдик. Марказий Осиё тинчлигига таҳдид солувчи ташқи таъсирлар ҳам сувни ричаг сифатида ишлатишга уриниб кўришган ҳолатлар бўлди.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг қўшнилар билан дўстона муносабатларни йўлга қўйиши натижасида зиддиятлар барҳам топиб, сув бўйича муаммолар ҳам ечилмоқда.
Айни пайтда сув тақчиллигининг оқибатлари Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказиши муқаррарлигини ҳисобга олган ҳолда Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлардаги чиқишларида, республикамиз ҳудудларига сафари чоғида сув масаласига алоҳида эътибор қаратиб, уни тежаш, самарали фойдаланишга даъват этаётгани бежиз эмас.
Мамлакатимизда жами сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади, 4 фоизи коммунал мақсадларда истеъмол қилинади, қолган қисми саноат ва бошқа йўналишларда фойдаланилади. Сув йўқотишларининг катта қисми ҳам айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Суғориш тармоқларининг ярми тупроқ ўзанли бўлгани учун 35-40 фоизгача сув йўқотилмоқда.
Республикада жами суғориладиган ер майдонлари 4,3 млн. гектарни ташкил этиб, 2023 йил суғориш мавсумигача сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,2 млн. гектарга ёки суғориладиган ерларнинг 28 фоизига етказилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 471,8 минг гектар майдонда томчилатиб, 48,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 24,6 минг гектарда дискрет, 63,5 минг гектар майдонда бошқа сув тежовчи суғориш тизимлари жорий қилинди ҳамда 637,2 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Республикамиздаги суғориладиган майдонларнинг 60 фоиздан ортиқ қисми 1680 дан зиёд насос станциялари ва 4 мингдан ортиқ суғориш қудуқлари орқали сув ичади.
Сув хўжалиги тармоқларида 2017 йилда электр энергияси сарфи 8 млрд. 342 млн. кВт. соатни ташкил этган бўлса, охирги беш йилда электр энергиясининг йиллик сарфини қарийб 1,5 млрд. кВт. соатга камайтиришга эришилди ва 2022 йил якуни бўйича 6,8 млрд. кВт. соатга тенг бўлди.
Сув давлат бюджетидан сарфланаётган катта маблағлар ва машаққатлар эвазига экин далаларига етиб бормоқда. Яқинда Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари "Сув – текин эмас", деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозим" эканини таъкидладилар.
Муқаддас динимизда ҳам сув энг улуғ неъмат эканлиги, унинг исроф қилинган ҳар бир томчиси учун ҳисоб-китоб муқаррарлиги эслатилган. Шу боис эҳтиёжимизни қондираётган бу ноёб неъматни етказиб бериш жараёнида давлатимизнинг қанчадан-қанча маблағи сарфланаётганини, қанчадан-қанча мутахассислар бу йўлда хизмат қилаётгани фарзандларимизга тушунтирайлик!
Шу билан биргаликда, ўз ҳудудимиздан ўтган ариқларни тозалаб, ҳашарлар уюштириб, сув йўллари атрофини ободонлаштиришга, сувни асрашга ҳисса қўшайлик, бу борада ҳар биримиз намуна бўлайлик!
* * *
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Ш.Суюновнинг 2023 йил суғориш мавсумида амалга оширилган ишлар ҳақида
оммавий ахборот воситалари учун расмий баёноти
2023 йил суғориш мавсуми муваффақиятли ўтди.
Январь-октябрь ойларида суғориш ишларига жами 39 млрд. 300 млн.м3 сув етказиб берилди. Олинган сув билан 17 млн. 700 минг гектар, шундан 3 млн. 800 минг гектар ғўза, 4 млн. 900 минг гектар ғалла, 1,9 млн гектар такрорий, 7 млн. 100 минг гектар томорқа ва бошқа экин майдонларида суғориш ишлари амалга оширилди.
Жорий йилда йилда сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазер текислаш,агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 7 млрд. куб метр миқдоридаги сув ресурсларини иқтисод қилинишга эришилди. Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобидан 1 млрд. 866 млн. куб метр, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирларини ўтказиш ҳисобидан 1 млрд. 897 млн. куб метр, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобидан 542 млн. куб метр ҳамда экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирлар амалга ошириш ҳисобидан 2 млрд. 704 млн. куб метр миқдорида сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Ш.Суюновнинг сув xўжaлиги сoҳaсидa 2022-2023 йиллaр куз-қиш дaвридa бaжaрилaдигaн чoрa-тaдбирлaр, ирригация ва мелиорация иншоотларини тозалаш, таъмирлаш ишлари ҳaқидa оммавий ахборот воситалари учун расмий баёноти
2023 йилда 970,6 млрд. сўм (774,5 млрд. сўм ирригация, 196,1 млрд. сўм мелиорация) ажратилган лимит доирасида 186 та (139 та ирригация, 47 та мелиорация) объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш назарда тутилган.
Бунда:
ирригация йўналишида 361,3 км канал, 27,7 км лоток, 23 та гидротехника иншоотлари, 22,1 м3/с насос станциялари, 4,6 км босимли қувурлар, 2 та кўприк ва 112 та суғориш қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 2,6 км қирғоқ ҳимоя ишларини бажариш;
мелиорация йўналишида 216,4 км очиқ, 167,5 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 10 та вертикал дренаж қудуғи, 60 та гидротехник иншоот, 58 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 193 та (32 та йилдан-йилга ўтувчи, 161 та янгидан бошланувчи) объект доирасида 14 220,5 км узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш режалаштирилган.
2023 йил 1 ноябрь ҳолатига ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 566,8 млрд.сўм маблағлар ўзлаштирилиб, ушбу маблағлар ҳисобига 297,4 км канал, 41,0 км лоток, 11 та гидротехника иншоотлари, 2,9 м3/с насос станциялари, 3,1 км босимли қувурлар, 2 та кўприк ва 56 та суғориш қудуғини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 2,6 км қирғоқ ҳимоя ишлари бажарилган.
мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 224,2 млрд.сўм маблағлар ўзлаштирилиб, 193,6 км очиқ, 142,1 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 6 та вертикал дренаж қудуғи, 25 та гидротехник иншоот, 58 та кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилган.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида 207,6 минг гектар майдоннинг сув таъминоти, 105,7 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.