Президентимиз жорий йилнинг 16–17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳадаги каналларнинг катта қисми тупроқ ўзанли бўлганлиги туфайли оқиб турган обиҳаётнинг 35 фоизигача йўқотилаётганлигини таъкидлаб, каналларни бетонлаштириш юзасидан дастур тайёрлаш ва ишларни жадаллаштириш топшириғини берганди. Топшириқлар ижросини таъминлаш учун бугун воҳадаги суғориш тармоқларини бетонлаштириш бўйича сезиларли юмушлар бажарилаётир.
Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, тупроқ ўзанли каналларда обиҳаётнинг бир қисми йўқотилса, ички суғориш тармоқларида сув сарфи бундан ҳам ортиб кетаяпти. Чунки ички суғориш тармоқлари минглаб километрдан иборат бўлиб, каналлардаги обиҳаёт ана шу ички тармоқларга тарқатилаётгани туфайли бетон қилинмаган ва асосий қисми тупроқ ўзанли бу тармоқлардаги сув қуёшда буғланиши ва ерга сингиб кетиши оқибатида ярмига яқини исроф бўлаётир. Шу жиҳатларни эътиборга олиб, мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга асосан 2023–2024 йилларда биринчи навбатда вилоят бўйича 1100 километр узунликдаги ариқларни тартибга келтириш ва бетонлаштириш режалаштирилди.
Таҳлилларга кўра, ички суғориш тармоқларидаги обиҳаётдан кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари экин майдонлари суғорилади. Боз устига уларнинг кўпи қишлоқлар, маҳаллалар, фермер хўжаликлари далалари ўртасидан ўтган бўлиб, ички суғориш тармоқларининг барчасини тозалаш ва бетонлаштиришга ирригация бўлимларининг ишчи кучи ҳам, маблағи ҳам йўқ. Лекин сув сарфини камайтириш, исрофгарчиликка барҳам бериш ва иқтисод қилиш чораларидан асосийси ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш эканлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.Шунинг учун ирригаторлар ва деҳқонлар маслаҳатлашувидан кейин даласига сув оладиган ариқларни фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари ўзлари тозалаши ҳамда бетонлаштириш чораларини кўришлари тавсия қилинди. Айни пайтда вилоятдаги барча фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари аъзолари ҳамда мутахассислари ариқларни бетонлаштиришга алоҳида аҳамият беришаётир. Ички суғориш тармоқларида техника, ишчи кучи жалб қилиниб, етарлича цемент, шағал, қум ва бошқа зарур хомашёлар келтирилиб, кунига ҳар бир фермер ёки кластер ташкилоти бир километр атрофидаги ариқларни бетонлаштиришаётир ва таъмирлашмоқда. Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари мутахассисларининг ташкилотчилик ва ташаббускорлигида қисқа фурсатда вилоят бўйича жами 372 километр узунликдаги ички суғориш тармоқлари бетонлаб чиқилди. Бу борада айниқса, Шўрчи, Узун, Қизириқ, Олтинсой, Қумқўрғон, Ангор туманларида иш намунали олиб борилаяпти.Фермер ва кластер ташкилотининг масъул қилиб бириктирилган вакиллари бетонлаштиришни қатъий назорат қилиб, сифатга эътиборни кучайтиришмоқда. Иш унуми юқори бўлишига эришиш учун ташкилотчилар бетонлаштиришда иштирок этаётганларга иш жойида иссиқ чой ва иссиқ овқат тайёрлашмоқда.
– Маълумки, бетон яхши қотиши ва иш сифатли бўлиши учун об- ҳаво ҳам қулай бўлиб турса, ишчиларга меҳнат қилиш ҳам осон, ҳам анча харажатталаб бетонлаштириш ҳам сифатли бўлади, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассиси, бетонлаштириш бўйича ҳавза бошқармасида ташкил қилинган штаб аъзоси Илҳом Файзуллаев. – Декабрь ойи Сурхондарёда ёғингарчиликсиз кечмоқда ва кун оша қуёш порлаб турибди. Фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг бетонлаштириш бўйича ташкил қилинган бригадалари аъзолари об- ҳаво илиқ бўлиб турганидан унумли фойдаланиб қолиш учун ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришни жадаллаштиришмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати