Сув хўжалиги соҳасида Туркия давлати билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ушбу мамлакатнинг “Akplast”, “Acar MAK-SAN”, “Ardent plastik”, “Agro new drip” каби йирик корхоналари томонидан Ўзбекистонда сув тежовчи технологиялари учун полиэтилен қувурлар, томизғичли ленталар, насос ва фильтр қурилмалари ҳамда турли хилдаги фитинглар ишлаб чиқарилмоқда.
“Агробанк” АТБ билан биргаликда ташкил этилган “Сув лойиҳалари маркази” ва “Сувчилар мактаби” томонидан жорий йилда 155 та туманда фермерлар, агрокластерлар мутахассислари ва сувчиларни ўқитишда туркиялик 15 нафар соҳа мутахассислари ва олимлар фаол иштирок этди.
Ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун Сув хўжалиги вазири ўринбосари Р.Қаршиев Анқара шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Туркия Давлат сув ишлари бош бошқармасида ўтказилган музокараларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, суғориш тармоқлари (каналлар)да сув йўқотилишларининг олдини олиш ҳамда соҳада рақамли технологияларни татбиқ қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар сув омборларидан сув етказиб беришда ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказиш бўйича Туркиянинг малакали эксперт ва мутахассисларини Ўзбекистондаги лойиҳаларга жалб қилиш ва лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Анқара шаҳридаги сув тежовчи технологияларнинг фитингларини ишлаб чиқарувчи “Senkron” компаниясига ташриф чоғида ишлаб чиқарилаётган махсулот турлари ва фаолияти билан танишилди. Компания раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида филиал ташкил этишга қизиқиш билдирилди.
Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг лабораторияси (TAMTEST) сув насослари техник параметрлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимининг қувурлари ва бошқа эҳтиёт қисмлари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатини текшириш билан шуғулланади. Бу ерда олиб борилган мулоқотда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ирригация ва сув муаммолари институтида худди шундай лабораторияни ташкил этиш ва кадрларни тайёрлашга келишиб олинди.
Шунингдек, Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги (TAGEM)да ҳам музокаралар олиб борилиб, суғоришнинг илғор технологияларидан фойдаланиш бўйича республикамиздаги сув хўжалиги ходимлари ва фермерларнинг билим ва кўникмаларини оширишда туркиялик олим ва соҳа мутахассисларни жалб қилиш муҳокама қилинди.
Ахборот хизмати