Бухоро вилоятида мавжуд гидроиншоотлар – насос станциялари, сув омборлари, канал ва коллектор тармоқларини модернизация қилиш ва ўтказувчанлигини ошириш орқали сувни тежаш, обиҳаётни етказиб бериш сарф-харажатини қисқартириш бўйича амалий саъй-ҳаракат жадал давом эттирилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Каналларни бетонлаштириш бўйича зарбдор йил”да йирик каналлар ва ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш бўйича аниқ манзилли лойиҳалар ишлаб чиқилиб, рўёбга чиқарилмоқда.
Айни кунда Когон туманида ҳам қишки ва эрта баҳор мавсумида қишлоқ хўжалиги суғориш тармоқларининг умумий 69 км узунликдаги қисмини бетонлаштириш ишларига киришилган бўлиб, шундан жорий йил якунигача 21 км ариқ ўзанини бетонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Жумладан, “Ниёз Ҳожи” ҳудудидаги “Парравшантранс” МЧЖга қарашли ички ариқнинг 900 м, “Беклар” ҳудудидаги “Қуйихоми” ариғининг 3600 м, “Ўрта чўл” ҳудудидаги “Агрокластер” МЧЖ тасарруфидаги ички ариқнинг 2000 м, шунингдек, “Баҳоуддин Нақшбанд” ҳудудидаги “Кичик Ябон” ариғининг 2100 м қисмида бетонлаштириш ишлари якунига етказилди.
Бундан ташқари, “Беклар” ҳудудидаги “Қуйихоми” ариғининг 100 м ўзани бетонлаштирилди. Худди шундай, “Ниёз Ҳожи” ҳудудидаги “Парравшантранс” МЧЖнинг ҳам ички ариғига 100 м масофада бетон латок ўрнатилиб, “Беклар” ҳудудидаги “Сарой” ариғининг 200 м қисмида нивелирлаш ишлари, қолаверса, “Кичик Ябон” ариғининг 200 м қисмида тупроқ ишлари бажарилиб, бетонлаштиришга тайёрлаб қўйилди.
Қайд этиш жоизки, туманда ҳар йили кузги-қишки агротехник тадбирлар доирасида фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари, қолаверса, маҳалла ва қишлоқлардаги томорқа ер эгалари ўзаро ҳамкорлигида ҳашарлар ташкил этиш йўли билан умумий узунлиги 562,7 километрга чўзилган хўжаликлараро ички ариқларни тозалаш, сув ўзанини талабга мос ҳолга келтириш, нишаблигини олиш, тупроқ ишларини амалга ошириш ҳам аллақачон бошланган. Шундан, техника ва махсус механизм ёрдамида 78,7 км, хўжаликлар жамоалари қўл кучи ёрдамида 484 км узунликдаги сув йўлини ҳашар тарзида тозалаш чора-тадбири кўрилмоқда.
Бу борада ҳам бугунга келиб амалда, 320,7 км узунликдаги ариқлар ҳашар йўли билан тартибга солинган бўлиб, бу умумий иш ҳажмининг 57 фоизини ташкил этмоқда. Жараёнда асосан чўл массивидаги ариқларнинг 45,6 километри махсус техника кучи воситасида тозаланган бўлиб, бу иш ҳажмининг 58 фоизини ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, “Янги ҳаёт” ҳудудидаги “Чорва Камол Жамол”, “Start cotton agro prom”, “Мўминбобо Ҳусенов”, “Ўрта чўл” массивидаги “Темур Акрам Бухорий”, “Ҳамдамбобо Чоруқий”, “Беклар” ҳудудидаги “Когон Неъматулло” каби ўндан ортиқ фермер хўжалигида, шунингдек, ҳудуддаги “Агрокластер” МЧЖ тасарруфидаги ирригация тармоқларида ариқларни тозалаш тадбирлари давом эттирилмоқда.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати