Маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда музейларнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Зеро, музейларда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.
Айни шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси касаба уюшмаси томонидан “Мозийга саёҳат” дастури доирасида бошқармада фаолият юритаётган бир гуруҳ сувчилар ёшлар хамда мутахассислар вилоятимиздаги “Маънавият ва маърифат” марказида жойлашган музейга саёҳат ташкил этилди.
– Ўзликни англаш тарихни англашдан бошланади, – дейди бошқарма касаба уюшмаси раиси М.Қаҳҳоров. – Жонажон Ўзбекистонимиз буюк тарих ва улуғ аждодларимиз маконидир. Ёшларимизни ўтмишдан ва унинг сабоқларидан хабардор қилиш эса бугунги куннинг муҳим вазифалардан бири саналади.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар ёш ходимлар ва ёш авлодга маънавий озуқа бериш ҳамда уларда ватанга муҳаббат, аждодларга, тарихимизга бўлган фахр туйғуларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қуйи Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати