“Ишонч” газетасининг 2024 йил 18 январдаги 10-сонида эълон қилинган “Қош қўяман деб, кўз чиқармайлик ёхуд сув йўлларини бетонлаштириш ишлари қанчалик оқилона бажарилмоқда?” сарлавҳали мақолага расмий муносабат
Канал ва ариқларни бетонлаш чоғида дарахтларга зиён етказилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда материал эълон қилинганидан сўнг вазирлик томонидан икки маротаба матбуот анжумани ўтказилиб, ҳолат юзасидан муносабат билдирилди.
Ариқ ичидаги дарахтлар ҳам қўшиб бетонлаштириб юборилиши айрим жойларда, асосан, кластер ва фермер хўжаликларининг ички ариқ ва суғориш тармоқларида кузатилган ачинарли ҳолат бўлиб, олдини олиш учун вазирлик томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалий семинарлар ташкил этилаётгани, бетонлаш ишларини бажараётган ҳашарчиларга зарур тавсия ва кўрсатмалар бериб борилаётгани ОАВ вакилларига тушунтирилди.
Тупроқ ўзанли суғориш тармоқларида сувнинг 30-35 фоизи йўқотилиши илмий ўрганилган, бетонлаштириш орқали сув йўқотилишининг камайтириш мумкинлиги эса барчага аён.
Шу боис Президентимиз томонидан “Каналларни бетонлаш бўйича долзарб йил” эълон қилиниб, вазирлик тизимида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши белгиланди. 2024 йилда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 1 минг 519 километр, яъни 2023 йилга нисбатан 4 баробар кўп магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш вазифаси қўйилди.Бунда:
554,5 км 2024 йил вегетация даврига қадар бюджет маблағлари ҳисобидан;
648,3 км 2024 йил вегетация давридан кейин халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан;
316,6 км хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Вегетация даврида (апрель-сентябрь ойларида) бетонлаш ишларини амалга ошириш мақсадида каналларда вақтинча сув очиш ва ёпиш режа-графикларини тасдиқлаш кўзда тутилган.
Ҳозирда 2024 йил вегетация даврига қадар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган 554,5 км каналларни реконструкция қилиш ишлари бошланган. Объектларга 700 та қурилиш техникалари ва механизмлар ҳамда 1900 нафардан ортиқ ишчи-қурувчилар жалб қилиниб, 155,2 км каналда ер ишлари, 64,9 км каналда бетон ишлари бажарилди.
Шунингдек, барча ҳудудларда ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш тадбирлари ҳам олиб борилмоқда. Ўтган 2023 йилнинг кузидан буён кластер ва фермер хўжаликлари маблағлари ҳисобидан жами 5,9 минг км ички суғориш тармоқларини бетонлаштирилган.
Мақолада пойтахтдаги Салор канали ёқалари ўзлаштирилиб, у ерларга уй-жой ёки овқатланиш шахобчалари қуриб олингани таъкидланиб, бу сув йўлларини бетонлаштириш қандай амалга оширилиши савол остига олинган.
Очиғини айтиш керак, Салор канали Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфида бўлиб, сув хўжалиги ташкилотларига қарамаганлиги сабабли, уни бетонлаштириш дастурларимизга киритилмаган.
Сув тақчиллиги йилдан йилга кучайиб бораётган ҳозирги шароитда оммавий ахборот воситалари шу мавзуга кўпроқ мурожаат қилиб, барчани сувни исроф қилмасликка, оби ҳаётни тежашга даъват этаётгани бизни хурсанд қилади. Сабаби сувни тежаш бир ёки бир нечта вазирликнинг вазифаси эмас. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, аввало, сувдан фойдаланиш маданиятимизни юксалтира олсак, натижага эришамиз ва келажак авлод олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Д.Ходжиахмедов,
Сув хўжалиги вазири ўринбосари