Бугун Сув хўжалиги ёшлари ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети талабалари “Тошкент” сув омборига экскурсия уюштирди.
Тадбир Сув хўжалиги вазирининг ёшлар билан очиқ мулоқотида билдирилган таклифлардан келиб чиқиб ташкил этилди. Шу кунларда барча вилоятларда сувчи ёшлар ва талабаларнинг йирик сув хўжалиги объектларига экскурсиялари уюштирилаётган бўлиб, мақсад уларни сувчилик касби билан яқиндан таништириш, соҳага меҳр уйғотишдир.
Ёшлар Тошкент сув омбори билан танишиш асносида бу ерда «Сув омборлари сиғимини аниқлашда замонавий ускуналарни қўллаш» мавзусидаги семинарда ҳам қатнашдилар. Семинар Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилди. Унда замонавий ультратовушли ускуналар ва сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланган ҳолда сув омборларида ўлчаш ишларини олиб бориш ҳақида сўз юритилди.
Жаҳонда сўнгги русумдаги, ўта юқори аниқлик ва тезликда ишлайдиган “Apache 3” учувчисиз гидрологик ускунасини ишлатиш амалий тарзда кўрсатиб берилди.
Ёш сувчилар ва талабаларга экскурсия манзур бўлди.
Ахборот хизмати