Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли Риштон туманида жойлашган “Сариқўрғон” насос станциясида ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда таъкидланганидек, Риштон тумани ҳудудида 15 та насос станцияси, 230 та тик қудуқлар жойлашган бўлиб, 11200 гектарда зиёд экин майдонларини суғоришга хизмат қилади. Энерготежамкор қурилмаларни ўрнатиш бўйича 2023 йил режасига асосан туманда жойлашган насос станцияларга 1 КВТ бўлган қуёш панели, 1 дона 200 литрли қуёш сув иситиш қурилмаси, 4 дона янги қувватдаги электродвигател, 7 дона ҳар хил турдаги насослар янгисига алмаштирилди.
Энерготежамкор қурилмаларни ўрнатиш натижасида ўтган йил давомида 429,5 минг КВТ электр энергияси тежалишига эришилди.
Семинар давомида насос станцияларда агрегатларни кузги-қишки таъмирлаш ишлари қандай амалга оширилаётганлиги кўздан кечирилди. Таъмирлаш режалаштирилган 21 дона насос агрегатларининг шу кунга қадар 13 донасс, 11 дона тик қудуқлардан 7 донаси таъмирланган.
Бундан ташқари, 7 дона тик қудуқлар хам кўрикдан ўтказилиб, жиҳоз ва ускуналарда аниқланган носозликлар бартараф этилмоқда.
Ҳозирги кунда қолган насос станцияларда кузги-қишки таъмирлаш ишлари режа асосида бажарилмоқда ва жорий йилнинг 15-февралига қадар барча насос станция ва тик қудуқларда таъмирлаш ишлари якунланиб соз ҳолатга келтирилади. Бунинг учун керакли материал ва ускуналар захираси яратилган.
“Сариқўрғон” насос станцияси 1983 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, Сўх дарёсидан сув олиб, қир-адирликларда жойлашган 450 гектарга яқин экин майдонларига етказиб беради. Станцияда ҳар бирининг сув чиқариш қуввати 0,3 м3/сек. бўлган 4 та 300-Д-90 русумли насос мавжуд бўлиб, умумий сув чиқариш қуввати 1,2 м3/сек. ни ташкил қилади.
Насос станциясида 2 дона насос агрегатини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 1 дона насос агрегати таъмирланиб, вегетация мавсумига шай ҳолатга келтирилган.
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот хизмати