Аму-Сурхон ИТҲБ ҳамда ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги «Галашерик» насос станциясида семинар ташкил қилинди. Унда соҳа мутахассислари, насос станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувига олаётган «Sho‘rchi Indenem cluster» МЧЖ вакиллари иштирок этди.
Семинарда таъкидланганидек, мазкур насос станцияси «Дайтўлак» каналидан сув олиб, 125 гектардан зиёд экин майдонлари, аҳоли томорқалари, боғ-роғларни обиҳаёт билан таъминлайди. 1985 йилда фойдаланишга топширилган насос станциясида 3 та агрегат бўлиб, уларнинг узлуксиз ишлашига 6 нафар ходим масъул.
Эндиликда «Галашерик» насос станцияси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Sho‘rchi Indenem cluster» МЧЖ бошқарувига ўтказилаяпти. Семинар иштирокчиларига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг аҳамияти, хусусий шерикнинг манфаатлари ҳамда бажарадиган вазифалари, қабул қилинадиган сув хўжалиги объектига инвестиция киритиш тартиби, станция ишчиларини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳимоялаш чоралари хусусида батафсил маълумот берилди.
Семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларига мутахассислар аниқ, тушунарли тарзда жавоб қайтаришди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати