Аму-Сурхон ИТҲБ таркибидаги тизим ташкилотлари орасида энг кўп каналлари бор бу ташкилот – «Сурхон-Шеробод» ирригация тизими бошқармаси ҳисобланади. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, суғориш тармоқларида оқадиган обиҳаёт сарфи аниқ ҳисоб-китобини юритишда бошқарма мутахассислари замонавий сув ўлчаш жиҳозларидан унумли фойдаланиш йўлида изланишларни давом эттиришаяпти. Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассислари иштирокида ўтказилган семинарда тизимда рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилий ва танқидий муҳокама қилинди.
Семинарда таъкидландики, ўтган вақт мобайнида суғориш тармоқларига 103 дона «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилган ва уларнинг 101 таси вазирлик серверига интеграция қилинган. Бир қарашда рақамлаштириш бўйича бошқарма ходимлари сезиларли ишлар қилгани ойдинлашади. Аммо қўйилган қурилмаларнинг 2 донаси ҳанузгача вазирлик серверига интеграция қилинмаган ҳамда 13 донаси маълумотларни тўлиқ узатмаётир. Қурилмаларни қўйиш ва маълумотлар узатилишида рўй бераётган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан бошқарма бошлиғи Ш.Раҳмоновга сим карта тўловларини амалга ошириб, маълумотларни тўлиқ узатилишига эришиш ҳамда вазирлик серверига интеграция қилинмаган қурилмаларни интеграция қилиш топшириғи берилди.
Жорий йилда суғориш тармоқларга 47 та «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган. Бу ишларни амалга ошириш учун 500 миллион сўм талаб қилинади. Ўтган йили охирларида республика бюджетидан ажратилган маблағ ҳисобига қурилмаларнинг асосий қисми қўйилгани, «бу йил ҳам республика бюджетидан маблағ берилади», деб бепарво бўлмай, қурилмалар ўрнатиш учун пулни ўзлари топишлари эслатилиб, бўш бино ва иншоотларни ижарага бериш, каналлар ва гидротехник иншоотлар атрофидаги ерларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириб даромад топиш ва бўш ерларнинг бир қисмини ижара бериш ҳисобига ривожлантириш жамғармасига маблағ туширишни кўпайтириш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати