Кунчиқар мамлакат – Япония билан сув хўжалиги соҳасида ҳам ҳамкорлик ривожланмоқда.
Шу кунларда ушбу мамлакатнинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги Сиёсий бюроси Халқаро бизнесини муҳитини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Аоки Эйжи бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Сув хўжалиги вазирлигида ўтказилган учрашувда меҳмонлар билан сув омборлари, тўғонлар ва бошқа гидротехник иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Япониялик мутахассислар Тошкент вилоятидаги “Туябўғиз” ва Самарқанд вилоятидаги “Каттақўрғон” сув омборини бориб кўрдилар. Жумладан, меҳмонларнинг “Каттақўрғон” сув омборига ташрифида Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Р.Раҳимов ва Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи А.Каримқулов ҳамроҳлик қилиб, иншоотнинг хавфсизлиги, уни сақлаш, реаблитация қилиш бўйича мулоқот қилди.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси томонидан 2024 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Япониянинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида “Сув дамбалари хавфсизлиги ва уларнинг реаблитацияси” мавзусида қўшма илмий-амалий семинар ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф давомида семинарга тайёргарлик ва бошқа ташкилий жараёнлар ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ахборот хизмати