Каналлардан оқиб келаётган обиҳаётнинг истеъмолчилар даласига кириб боришида узунлиги минглаб километрни ташкил этадиган ички суғориш тармоқлари ҳамда ер ости сизот сувлари чиқиб кетиши ва заминнинг шўрланиши олдини олишга хизмат қиладиган зовурларнинг аҳамияти катта.
Жамоа ва давлат хўжаликлари фаолият кўрсатган яқин йилларгача ички суғориш тармоқлари, яъни катта-кичик ариқлар ҳамда зовурлар колхозларнинг техникаси ҳамда аъзоларини сафарбар қилиш эвазига вақти-вақти билан лойқаю чиқиндилардан тозаланар, қисман бўлсада бетонлаштирилиб, таъмирлаб туриларди.
Жамоа ва давлат хўжаликлари тугатилиб, уларнинг замирида ташкил қилинган фермер хўжаликлари дастлабки йилларда иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлмагани ва фермерлар топган даромадининг асосий қисмини техника харид қилиш ва бошқа харажатларга сарфлаб юборгани учун айрим маҳаллалар ҳамда қишлоқлар ҳудудидаги ариқ-зовурлар йиллаб қаровсиз қолди, тозаланмади ва таъмирланмади. Ҳозир ҳам фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари тасарруфидаги далаларига сув кириб борадиган ариқ ва зовурлар асосан маҳалла фаолларининг ташаббуси билан аҳолини жалб қилиш ҳисобига лойқаю чиқиндилардан тозаланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Асосан қўл кучи ёрдамида тозалангани туфайли аҳоли кўпинча ўз ҳовлиси ва томорқаси чегарасидаги ариқларни тозаламоқда, ички ариқ-зовурларнинг бир қисми тўлиқ тозаланмай, чала қолиб кетаяпти.
Вазирлик топшириқлари асосида Сурхондарё вилоятидаги ички суғориш тармоқлари ва зовурларни янгидан тузиладиган «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари балансига ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аму-Сурхон ИТҲБда ташкил қилинган ишчи гуруҳи аъзолари жойларга чиқиб, маҳалла ва қишлоқлар ҳудудидаги ариқ-зовурларни эгалик қилиш, «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари балансига ўтказиш бўйича зарурий ҳужжатларни тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш юзасидан батафсил маълумот ва тушунча беришаяпти.
Қизириқ тумани ирригация бўлими маъмурий биносида ўтказилган тадбирда вилоятдаги барча туманлар ирригация бўлимлари бош мутахассислари, бош ҳисобчилар, ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедициянинг туманлардаги мелиоратив участкаси раҳбарлари, ирригация бўлимларининг ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўлимлари бошлиқлари, гидротехниклар, кадастр ҳужжатларини тайёрлашга бириктирилган етакчи мутахассислар иштирок этди. Тадбир жараёнида қатнашганларга барча маҳалла ва қишлоқлар ҳудудидан ўтувчи ариқ-зовурларнинг тоифаси бўйича хатловдан ўтказиш, молиялаштириш манбалари ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш тартиб- тамойиллари батафсил тушунтирилди. Тадбир иштирокчиларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб, ички суғориш тармоқлари ва зовурларни янгидан тузиладиган ҳамда тегишли тизим ташкилотлари балансига ўтказиш бўйича белгиланган вазифаларни тезроқ якунига етказиш топшириқлари берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати