“Ёмонжар” канали Олот ва Қоракўл туманлари қишлоқ хўжалигида муҳим тармоқ ҳисобланади. Айниқса, вегетация даври, аҳоли томорқа ерларидаги экин баравж ривожланиш палласида “Аму-Бухоро” канали ва унга туташ ирригация тармоқларида сув сатҳи кескин пасайиши туфайли “Ёмонжар”нинг ҳам сув етказиб бериш имкониятлари пасаяди. Бунга ягона ечим сифатида қиш мавсумда сув йўлини таъмирлаш, лойқа ва чўкиндилардан тозалашдир.
Таъкидлаш лозимки, 2019–2020 йилларда Бухоро вилоятида “Ёмонжар” каналини реконструкция қилиш бўйича катта ҳажмдаги иш бажарилган. Жумладан, республика ва маҳаллий бюджетдан 16 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, каналнинг 7,2 километр қисми бетонлаштирилган, 20 километр қисми механизмлар ёрдамида тозаланган.
Ўтган йилларда “Ёмонжар” каналини реконструкция қилиш натижасида “Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик” халқаро лойиҳаси доирасида “Ёмонжар” каналида техник тадбирлар амалга оширилиб, сув тўсувчи иншоот ва гидрометрик постлар барпо этилган. Сув чиқарувчи иншоот реконструкция қилиниб, канал қирғоғида бетонлаштириш ишлари олиб борилган. Бу мақсадлар учун 2019 йилдан бошланган кенг кўламли таъмирлаш-тиклаш ишларига 121 минг АҚШ доллари сарфланган. “Ёмонжар” каналининг реконструкция қилиниши туфайли вилоятнинг икки туманида умумий ҳисобда 12 минг гектардан ортиқ экин ерини суғориш чора-тадбири кўрилмоқда. Натижада ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида ҳосилдорлик ошди. Барпо этилган гидрометрик пост орқали Олот ва Қоракўл туманлари ўртасида сувни тақсимлаш чоғида унинг аниқ ҳисобини юритиш имкони яратилган.
Шу ўринда, Амударё сувининг лойқалиги сабаб каналда кўмилиш ҳолати пайдо бўлиши ҳам мутахассисларга яхши маълум. Лойқа чўкиндилар каналнинг фойдали иш коэффицентини янада камайтириши ва сув йўқотишлари ошиши турган гап.
Шу боис, айни кунларда каналнинг лойқа босиб кўмилган қарийб 30 километр узунликдаги қисми вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотларининг механизмлари ёрдамида сифатли тозаланиб сув йўлининг ўтқазувчанлиги яхшиланмоқда.
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассисларининг таъкидлашича, айни қишки мавсумда Олот тумани “Шарқ юлдузи” ҳудудидаги зовурда, Қоракўл тумани “Зиёрат” ҳудудидан ўтган Т-19 ташламасида, “Юқори Пиёзкор” зовурида, шунингдек, бошқа туманлардаги ирригация тармоқлари, зовур ва коллекторларни мавсумий реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бу жараёнга жалб қилинган эксковаторчи механизаторларга зарур меҳнат шароити яратилиб, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати