Бугунги кунда вилоятнинг барча ҳудудларида қишки шўр ювиш, ғалла майдонларини обиҳаётга қондириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бундан ташқари, аҳоли ва деҳқон ҳўжаликлари ихтиёридаги экин ерларига ҳам сув етказиб берилмоқда. Масалан, Жондор туманида жами 35 минг 470 гектар ерларнинг шўрини ювиш режалаштирилган бўлиб, бугунгача 26 минг 463 гектар экин ерларига яхоб суви берилган. Бу борадаги кунлик кўрсаткич эса 700–750 гектарни ташкил этмоқда.
Албатта, қишки шўр ювиш мавсумида сув ресурсларидан тежамкорлик асосида фойдаланиш, истеъмолчилар ўртасида уни адолатли тақсимлаш, обиҳаётнинг ҳисобини тўғри юритиш туман ирригация бўлими раҳбар ва мутахассисларининг зиммасидаги вазифа саналади. Бундан ташқари сув мавсумда сув тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш ҳам диққат марказида бўлиши лозим.
Шу муносабат билан бугун туман ирригация тизими мутахассис-ходимлари иштирокида қишки шўр ювиш мавсумининг бориши, бу муҳим агротехник тадбир давомида эришилаётган натижалар ва йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокамасига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда қайд этилганидек, тумандаги асосий экин майдонларининг лазерли текислагич ёрдамида текислангани, канал ва ариқларнинг бетонлаштирилгани ҳамда истеъмолчилар ўртасида сув ресурсларини тежаш мақсадида олиб борилган тарғибот ишлари самараси ўлароқ ўтган йилларга қараганда кам миқдордаги сув сарфи билан ерларнинг шўрини ювишга эришилмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳали ҳам сув ресурсларини тежаш масалаларига эътиборсиз муносабатда бўлаётган истеъмолчилар йўқ эмас. Улар билан тушунтириш ишлари олиб бориш, зарур ўринда қонуний чора кўриш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати