Денов тумани ҳудудида жойлашган «Отқамар» насос станцияси хусусий шерик бошқарувига ўтказилмоқда. Ушбу насос станцияси 1982 йил қурилган бўлиб, ички каналдан сув тортиб чиқариб, фермер хўжаликларининг 105 гектар далалари ҳамда аҳоли томорқаларини обиҳаёт билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Насос станциясида ҳавза бошқармаси давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакллантириш ва жорий этиш бўлими ҳамда насос станциялари ва энергетика бошқармаси бош мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда насос станцияси жамоаси, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда «Сурхон сифат текистиль» МЧЖ вакиллари иштирок этди. Қатнашганларга давлат-хусусий шериклик шартлари, лойиҳага тегишли ҳужжатларни тайёрлаш масалалари ҳақида батафсил тушунча берилди.
Жамоа аъзоларига насос станцияси кластер бошқарувига берилаётган бўлсада, назорати насос станцияси ва энергетика бошқармасида сақлаб қолиниши, ишчиларни иш ҳақи билан таъминлаш, насос агрегатлари ва двигателларни таъмирлашга маблағ ажратиш ва инвестиция киритиш фойдаланувчи хусусий шерик-кластер ташкилоти зиммасига тушиши айтилиб, суғориш мавсумигача насос агрегатлари таъмирини якунлаб, синовдан ўтказишга келишиб олинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати