Жорий йилда Термиз тумани ғаллакорлари бошоқли дон экинлари парваришланаётган далаларининг 500 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатишни режалаштирган. Ҳозиргача пудрат ташкилотлари билан 400 гектар ғаллазорни шу усулда суғориш бўйича шартномалар расмийлаштирилди ҳамда тижорат банкларидан кредит ажратиш учун ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган. Термиз туманида фаолият кўрсатаётган «Indenim Termiz» кластер ташкилоти билан фьючерс шартномаси асосида меҳнат қилаётган фермер хўжаликларига ҳозирча 100 гектар ғаллазорда ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун кластер ташкилоти 2,5 миллиард сўм ажратган. Айни пайтда «Drip servis Agro» МЧЖ мутахассислари ажратилган маблаққа қурилиш-монтаж ишларини бажаришмоқда ва бугунгача 64 гектар майдондаги ғаллазорда ёмғирлатиб суғориш технологияси тўлиқ ишга туширилди.
Ғаллазорига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатишга талабгор фермер хўжаликларидан бири – «Сурхон-Янгиариқ» сарҳадлар уюшмаси таркибидаги «Айритом сардори» фермер хўжалигидир. Тадбиркор аёл Дилафрўз Ҳасанова бошлиқ ушбу фермер хўжалиги тумандаги бошқа фермерларга ўрнак кўрсатиш мақсадида биринчилардан бўлиб, 16 гектар ғаллазорини томчилатиб суғориш усулига ўтказишга қарор қилди. «Drip servis Agro» МЧЖ мутахассислари билан келишган битимга асосан фермер хўжалиги ажратган 400 миллион сўмга пудратчи ташкилот вакиллари фермернинг 13 гектар ғаллазорига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатишди. Замон Ишбилармон, фермер хўжалиги раҳбари Дилафрўз Ҳасанова сув тежовчи технологиялар сув тарқатиш шлангларидан обиҳаёт тўсиқсиз ва бир маромда оқиши учун технология насослари ёрдамида тортиладиган сув тоза бўлиши кераклигидан яхши хабардорлиги учун пудратчи корхона вакилларига 3 гектар ғаллазор учун ажратилган маблағ ҳисобига ер ости қудуғи қазиб бериш талабини қўйди. Пудратчи корхона мутахассислари ҳам шу шартга розилик билдириб, ер ости қудуғини ишга туширишди.
«Айритом сардори» фермер хўжалиги ғаллазорида ўрнатилган ёмғирлатиб суғориш технологиясини кўрсатиш ва бошқа жамоалар аъзолари ҳам бу фермер хўжалиги амалга ошираётган чора-тадбирлардан ўрнак олсин, деган мақсадда ушбу фермер хўжалиги ғаллазорида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, гидрометрия хизматини тартибга солиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича бажарилаётган ишларга доир амалий семинар ташкил қилинди.
«Сурхон-Янгиариқ» сарҳадлар уюшмаси таркибидаги барча фермер хўжаликлари раҳбарлари ва илғор сувчилари, туман ирригация бўлими мутахассислари, сув тежовчи технологияларни жорий этишда қатнашаётган пудратчи корхоналар мутахассислари, каналлар ва ички суғориш тармоқларига бириктирилган бошлиқлар, гидрометрлар иштирок этган семинарда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, обиҳаётни тежаш юзасидан ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш, гидрометрия хизматини намунали ташкил қилиш, ёмғирлатиб суғориш технологиясини кенг майдонларда жорий қилиш масалалари муҳокама қилиниб, бажарилиши муҳим бўлган вазифалар юзасидан масъул мутахассисларга топшириқлар берилди.
Семинар жараёнида фермер хўжаликлари раҳбару аъзолари ҳамда ирригация бўлими ходимларининг янгидан ташкил қилинаётган «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси вазифалари ҳамда президентнинг жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларга доир саволларига Сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Отабек Абдуллаев, Аму-Сурхон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдурасул Холбоев ва ҳавза бошқармаси бош мутахассислари тўлиқ маълумот бериб, қарор мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирдилар.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати