Дедилар дунёда асли ким азиз?
Айтдилар: устоздир, устоз бегумон.
Қашқадарё вилояти сув хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган ўнлаб, юзлаб сувчиларнинг устози, тажрибали мутахассис, ўз касбининг “профессори” Ботир Раҳимов қутлуғ 70 ёшга тўлди.
У 1976 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини муҳандис-гидротехник йўналиши бўйича тамомлаган.
Дастлаб икки йил Китоб тумани суғориш тармоқлари бошқармаси бош муҳандиси бўлиб ишлаган. 1978-1998 йилларда “Ҳисорак” сув омборида ва “Ҳисоракгидроқурилиш” трестида раҳбар лавозимларда фаолият кўрсатган. 1998-2001 йилларда Яккабоғ тумани ҳокими бўлган.
Ботир Раҳимов кўп йиллар Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2019-2020 йилларда “Қашқадарёсувқурилишинвест” давлат унитар корхонасига раҳбарлик қилган.
Ҳозирда “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси.
Самарали меҳнатлари натижасида 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи, 2017 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Ботир Раҳимов қаерда, қайси мансабда ишламасин, ҳамиша сувчиларни қўллаб-қувватлаган, соҳани ривожлантиришга астойдил ҳисса қўшган.
Иқтидорли, ўзига ўхшаган фидойи шогирдлар етиштирган.
Халқимизда “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар” деган пурмаъно нақл бор.
Ботир ака, яна узоқ йиллар юрт хизматида бўлиш, элнинг дуосини олиб, яшнаб, яшариб юриш Сизга насиб этсин. Соғ ва омон бўлинг!
Сув хўжалиги вазирлиги жамоаси