«Аму-Занг» ирригация тизими бошқармаси тасарруфида бир неча йирик каналлар бўлиб, улар ёрдамида вилоятнинг бешта тумани экин майдонлари, боғ-роғлар, аҳоли томорқалари обиҳаёт билан таъминланади. Умумий узунлиги 88 километрдан иборат «Занг» канали шундай йирик суғориш тармоқларидан бири бўлиб, 1967 йили қурилиб фойдаланишга топширилган. Каналнинг 10,4 километр қисми тупроқ ўзанли, қолган қисми бетонлаштирилган ҳамда ҳар икки-уч йил орасида жорий таъмирлаб турилганига қарамай, йиллар давомида сув оқаверганидан бетонларнинг бир қисми кўчган, айрим қисми яроқсиз ҳолда. Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрича, каналдаги мавжуд 163 та гидротехника иншоотларининг ҳам асосий қисми таъмирталаб.
Президентнинг 2023 йил 25 декабрдаги «2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан мамлакатимизнинг айрим вилоятларидаги суғориш тармоқларини Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан «Миллий ирригация тизимларини яхшилаш ва энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси асосида реконструкция қилиш режалаштирилган. Жумладан, «Аму-Занг» ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги «Занг» каналини ҳам иншоотлари билан реконструкция қилиш мўлжалланмоқда. Шу муносабат билан лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, жойларда лойиҳанинг аҳоли ва табиатга таъсирини ўрганиш мақсадида Жаҳон банкининг сув ресурслари бўйича бош мутахассиси Абдулҳамид Азад бошчилигидаги делегация вакиллари Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, ҳудудидан «Занг» канали ўтган қишлоқлар ва маҳаллалар аҳолиси, кластер ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашишди, уларнинг фикрларини эшитишди ва таклифларини тинглашди.
Делегация вакиллари Аму-Сурхон ИТҲБ маъмурий биносида бош мутахассислар билан ўтказган учрашувда ҳам лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилаётгани ҳақида ахборот берилиб, молиялаштириш ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди ва лойиҳа ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши юзасидан маслаҳатлашилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати