Сув йилдан йилга танқис бўлиб бормоқда, унга талаб ҳам ортаяпти. Бундай вазиятда сув йўқотилишларини камайтириш, тежамкор технологиялар жорий этишни кенгайтириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар юртимизда жадал босқичга кирган.
2023 йил 29 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидладилар. Канал ва ариқларни бетонлаш биринчи муҳим вазифа этиб белгиланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти. Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилаяпти.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. 2024 йилда 1,5 минг км, яъни ўтган йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси қўйилди. Топшириқлардан келиб чиқиб, 2024 йилда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 1 минг 519 км магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш режаси ишлаб чиқилди. Шундан 554,5 км вегетация даврига қадар бюджет маблағлари ҳисобидан бетонлаштирилиши белгиланди. 648,3 км қисми вегетация давридан кейин халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан, 316,6 км қисми хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳалаштириш, молиялаштириш, ишни бошлашга вақт керак бўлди. Совуқ кунларда бетонлаштириш тўхтаб қолди. Март ойидан каналларга сув очилишини инобатга оладиган бўлсак, қурилиш ишлари ортда қола бошлади.
Бугунги кун ҳолатига 280 км каналларда ер ишлари, 160 км каналларда бетонлаш ишлари бажарилган. Объектларга 905 та қурилиш техникаси ҳамда 2640 нафар ишчи-қурувчилар жалб этилган.
Вазиятдан келиб чиқиб, иш икки сменага ўтказилди. Меҳнат қонунчилиги талабларига кўра, барча ишчилар дам олиш жойлари, иссиқ овқат билан таъминланди.
Халқимиз фаровонлиги сув билан боғлиқ. Сувсиз экин битмайди, иқтисодиёт ривожланмайди. Сув олинаётган пайтда насос станциялари ишчи-ходимлари, гидротехник иншоотлар ва канал назоратчилари туну-кун ишлайди. Савобли касб эгалари бўлган бу инсонлар кечаси бўладими, ёзми, қишми ўз сменасига келиб, масъулият ва фидойилик билан вазифасини бажаради.
Давлат раҳбарининг соҳага эътиборидан, ўтган йилларга нисбатан каналларни бетонлаштиришга бир неча баробар кўп маблағ ажратилганидан руҳланган сувчилар ғайрат билан ишламоқда.
Сув очилишига қадар режадаги каналларни бетонлаштиришга улгуриш, кечикаётган ишларни жадаллаштириш учун вазирлик томонидан 3 маротаба кечки соат 19.00 да видеоселектор йиғилишини ўтказишга тўғри келди. Унда ҳар кунлик натижалар таҳлил қилинди, қурилиш ишлари бир соатга бўлса ҳам тўхтаб қолмаслиги учун муаммоларга ечим изланди. Видеоселектор йиғилишларида оддий ишчилар, қурувчилар иштирок этгани йўқ. Унга сув хўжалиги ташкилотларининг бошлиқлари ва мутахассислари, қурилиш ташкилотлари масъуллари жалб этилди.
Видеоселектор йиғилишлари қурилиш “энг қайнаган” кунлари ўтказилди ва натижасини берди. Иш суръати кескин ўзгарди. Энди йиғилишларни ҳафтада икка марта, иш пайтида ўтказишга келишиб олинган.
2024 йил 7 февраль куни телеграм ижтимоий тармоғидаги “Eltuz” каналида “Сув хўжалиги вазирлигининг ҳар кунги мажлислари жонга тегди” сарлавҳали материал эълон қилинди. Унда ҳақиқий ҳолат, халқимизга хизмат қилаётган фидойи сувчиларнинг зиммасидаги масъулият юки, сув йўқотилишини камайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар инобатга олинмаган.
Жон куйдирмасдан, азият чекмасдан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Шу кунларда вазирлик раҳбарияти, бошқарма бошлиқлари жойларга чиқиб кетган. Ишчи гуруҳлар қуйи бўғинга тушиб, амалий ёрдам бермоқда. Мақсад аниқ – халқимизнинг дуосини олиш, сув йўқотилишини камайтиришга эришиш.
Ахборот хизмати
P.S. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат назорати инспекцияси билан биргаликда ўрганиб чиқилмоқда.
Натижаси ҳақида қўшимча ахборот берилади.