Март ойида ёғингарчилик кўп бўлиши кутилаяпти.
Ҳадемай кунлар исиб кетади. Ғаллани суғориш, пушта олинган майдонларда чигит экиш олдидан нам тўплаш учун каналларга сув очилади.
Сув хўжалиги соҳаси ходимлари учун ҳар бир кун, ҳар соат ғанимат. Янги ташкил этилган туман “Сув етказиб бериш хизматлари” давлат муассасалари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиб олиш, штатлар жадвалини бутлаш, режадаги каналларни бетонлаш ва қурилиш ишларини якунлаш зарур.
2024 йил 20 февраль куни Сув хўжалиги вазирлигининг ҳайъат йиғилишида ҳозирги мавсумда бажарилиши лозим бўлган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишни ҳайъат раиси, Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев олиб борди. Вазир ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вазирликдан ҳудудларга бириктирилган масъуллар ZOOM платформаси орқали қатнашди.
Жорий йил 12 февраль санасида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Республика Бош прокуратураси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлигининг қўшма қарори қабул қилинган. Ҳужжат Сув хўжалиги вазирлиги тизимида давлат бюджети маблағларини мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан мониторинг ва назорат тизимини ўрнатишга қаратилган.
Йиғилишда Ҳисоб палатасининг бош инспектори Ш.Ғаффоров қўшма қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш берди. Вазирлик тизимида бюджет маблағларининг мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг қилинаётганлиги, бу коррупция ҳолатларининг олдини олишга, шаффофликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Йиғилишда вазир ўринбосари Р.Қаршиев Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарори ижроси ҳақида ҳисобот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 февралдан бошлаб “suvkredit.uz” электрон тизими тўлиқ ишга туширилди. Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 1 725 та фермер хўжаликларининг 39,9 минг гектар майдони учун 832,1 млрд сўмлик кредит шартномаларини тижорат банкларига онлайн юборилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Ижобий деб баҳоланган 1 377 та аризадан 198 тасига 4,0 минг гектар майдон (1 425 гектарда томчилатиб суғориш, 2 578 гектарда ёмғирлатиб суғориш) учун 47,6 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди.
Навоий вилоятида бор-йўғи 606 гектар майдон учун 28 та ариза, Қорақалпоғистонда 1,2 минг гектар учун 76 та, Тошкент вилоятида 1,5 минг гектар учун 49 та ариза берилганлиги танқид қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, Қуйи Зарафшон ИТҲБ бошлиғи А.Убайдуллаев, Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошлиғи Б.Қурбонов огоҳлантирилди. Белгиланган муддатда хато-камчиликлар ва қолоқликлар бартараф этилмаган тақдирда эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилиши таъкидланди.
Вазир ўринбосари Д.Ходжиахмедов “2024 йил – каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”да бажарилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 1,5 минг км каналларни бетонлаш режаси белгиланган. Бугунги кун ҳолатига объектларга 995 та қурилиш техникаси ҳамда 2 830 нафар ишчи қурувчилар жалб қилиниб, 353,6 км каналларда ер ишлари, 230,7 км (57,3 %) каналларда бетонлаш ишлари бажарилган. Шунингдек, кластер ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан 12,3 минг км, шундан сув сарфи 0,5 м3/с дан юқори бўлган 8,2 минг км ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган.
Бироқ, сифати текширилган ҳолда далолатномалар билан қабул қилинган қисми 3,46 минг кмни ташкил этади, 4,7 минг км қисмини қабул қилиш бўйича ишчи гуруҳ далолатномалари расмийлаштирилмаган.
Йиғилишда айрим жойларда ички суғориш тармоқларини бетонлаштиришга юзаки ёндошилгани, ишлар сифатсиз бажарилгани танқид қилинди. Вазир қурилиш ишлари бўйича нотўғри маълумот берганлар, кўрсаткичларга қўшиб ёзганлар аниқланадиган бўлса, ишдан бўшатилишини ва уларга чора кўрилишини қатъий огоҳлантирди.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, вазирлик марказий аппаратида ҳамда республика ва тизим ташкилотларида 2024 йилда ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни янада такомиллаштириш юзасидан раҳбар-ходимларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масаласи муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳайъат йиғилишига оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.
Ахборот хизмати