Ташкилотнинг ўзини биноси бўлмаса қийин.
Ижарачининг ишида унум кам.
Қашқадарё вилоятига сафаримиз чоғида Қарши тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига алоҳида бино ажратилганини эшитиб, йўлимизни ўша томонга бурдик.
Бизни қарши олган туман давлат муассасаси раҳбари Музаффар Жўраевнинг кўзидаги қувонч, бажарган ишларини кўрсатишга ошиқишидан билдикки, бу ерда чакана иш бўлмаган.
Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги ПҚ-5-сон қароридан сўнг сувга эътибор, муносабат кескин ўзгараяпти. Сувни асраш, ундан самарали фойдаланиш, ҳисоб-китобини тўғри олиб бориш бўйича сув хўжалиги мутахассислари зиммасига катта масъулият юкланмоқда. Қарор талабларидан келиб чиқиб, ўз биносига эга бўлмаган туман “Сув етказиб бериш хизмати”ларига бинолар ажратилмоқда.
Буни Қарши тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси мисолида ҳам кўрдик. “Қарши магистрал канали” ИТБнинг бўш турган биноси ажратилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилибди. Бино тўлиқ таъмирдан чиқарилган, ҳозирча 4 та хона ишга туширилиб, давлат муассасаси кўчириб келинган. Полдан бўёқ ҳиди келиб турибди, ҳовлидаги йўлаклар бетон қилинган, экин майдонлари экишга тайёрлаб қўйилган.
Вазирлик ишчи гуруҳи Аму-Қашқадарё ИТҲБ бошлиғи Ф.Сиддиқов ҳамда вазирликдан бириктирилган масъул, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари
З.Ирисбоев билан биргаликда ушбу давлат муассасаси ишчи-ходимларини моддий рағбатлантириш учун ёрдам хўжалик ташкил этиш, ёш ходимларга қишлоқ хўжалиги йўналишида кредит олишда кўмаклашиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, Касби тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасига ҳам катта йўлга яқин жойдан бино ажратилибди. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш якунига етказилибди. Бир гектарга яқин ер майдони ҳам бор.
Касби тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси раҳбари Фахриддин Раҳматов тажрибали, ишнинг кўзини биладиган инсон. Бинони қачон, қандай қилиб чиройли кўринишга келтириш режасини гапириб берди.
Вазирлик ишчи гуруҳи биринчи навбатда ҳашар уюштириб, бино ичини, ҳовли ва атрофларни тозалаш, дарахт кўчатларини экиш, экинларни суғориш шароитини яратиш бўйича топшириқларни берди. Кунлар исиши билан бинони таъмирлашга киришиш, вегетация даврида давлат муассасаси ишни шу ерда бошлаши зарурлиги таъкидланди.
Ф.Раҳматов бизни “Миришкор-Қамаши” канали бошланишидаги нуқтага бошлади. Бу ерда ўрнатилган Австралиянинг “Rubicon water” компанияси технологияси асосида автоматлаштирилган бошқарув қурилмалари ҳақида видеоролик тайёрлаганмиз. Телеканаллардан кўрсатувлар эфирга берилган. Кўпчилик келадиган, автоматлаштирилган қурилмалар билан танишадиган жой.
9,7 км узунликдаги “Қамаши-Миришкор” каналининг 8,7 км қисми, унга сув келтирувчи 9,8 км узунликдаги “Оби ҳаёт” каналининг 5 км қисми ҳудудда фаолият юритувчи кластер ташкилоти билан биргаликда лойқадан тозаланган.
Ф.Раҳматов икки каналнинг қолган қисмларини тозалаш учун ҳавза бошқармасидан 1 дона экскаватор сўради.
Бир ҳафта ичида экскаватор ажратишга, каналларни тозалашни 5 мартга қадар якунлашга келишиб олинди.
Ахборот хизмати