Бу галги Бухоро вилоятига сафаримиз чоғида “Аму-Бухоро” машина каналидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги объектларни бориб кўрдик.
Бизга бошқарма бошлиғи, бухоролик тажрибали мутахассис Раззоқ Остонов ва Аму-Бухоро ИТҲБ бошлиғи Эркин Файзиллаев ҳамроҳлик қилди.
Дастлаб “Қуйимозор” насос станциясининг реконструкция қилинганидан кейинги ҳолати ва иш тартиби билан танишдик. 1965 йилда қурилган насос станцияси 2017-2020 йилларда Хитой компанияси томонидан реконструкция қилинган. 6 та агрегат, бино, томи янгиланган. Қўшимча бино, насосларга техник сув етказиб бериш учун алоҳида бино, институт кафедраси, ишчилар учун дам олиш жойи қурилган.
Реконструкция натижасида электр энергияси сарфи 20-25 фоизга қисқарган. Бошқарув тўлиқ автоматлаштирилиши ҳисобига эксплуатация харажатлари ҳам тежалаяпти.
Насос станцияси ҳолатини сақлаб туриш учун бир йилда икки марта таъмирлаш ишлари бажарилар экан. Ҳозирда ҳам капитал таъмирлаш ишларининг устидан чиқдик.
Диспетчер хонасидаги экранда келиш каналидаги сувнинг горизонти, техник сувнинг босими ва сарфи, агрегатдан чиқаётган қувурдаги босим, бир секундда чиқарилаётган сув сарфи, чиқиш каналидаги сувнинг горизонти, двигател олаётган электр энергиясининг миқдори каби кўрсаткичлар кўриниб турибди.
Насос станцияси бошлиғи Набижон Бердиевнинг тушунтириш беришича, муаммо пайдо бўлса, қурилманинг ўзи автомат тарзда хабар беради.
33 киши ишлайдиган жамоа 123 минг гектар майдонга сув етказиб беради. Бир агрегат секундига 20 куб метр сув чиқариш қувватига эга.
Ишчи-ходимларни рағбатлантириш учун 4 сотихли иссиқхона барпо этилган, 14 та қорамол боқилаяпти. 1 гектарлик ўрик боғи, 90 сотихлик олма боғи бор. 1,5 гектар майдонга буғдой экилган.
“Тозакўл” сув омборидан ҳозирда шўр ювишга сув олинаяпти. 10 кунда шўр ювиш якунланади. Шундан сўнг сув омборига сув йиғиш, уни лойиҳавий сув сиғими ҳолатига келтириш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Тўдакўл” сув омбори ҳам кўздан кечирилди.
Икки сув омборида 37 киши ишлайди. Ёрдамчи хўжаликда 80 бош эчки боқилаяпти. 2 сотихда иссиқхона барпо этилган. Ўрик, олма боғлари бор. Сув омбори бошлиғидан “Яшил макон” лойиҳаси бўйича 6000 туп дарахт кўчатлари экилганини эшитдик. У баҳорда яна 2000 дарахт кўчатлари экишга ваъда берди.
Раззоқ Остонов катта ҳаёт тажрибасига эга, узоқ йиллардан буён раҳбар лавозимларда ишлаб келаётган мутахассис. У кишидан ҳаётдаги шиорини сўраган эдик, қисқа қилиб жавоб берди: Сабр, шукр байроғимиз бўлсин!
Ахборот хизмати