2024 йил 12 февралдан 22 февралга қадар телеграм каналимизда “Ҳудудингиздаги ариқларни бетонлаштириш сифатли бажарилаяпти, деб ҳисоблайсизми?” деган мазмунда ижтимоий сўров ўтказилди.
Савол билан 1713 киши танишган, 22 февраль соат 21.00 ҳолатига 483 нафари овоз берган.
Респондентларнинг 34 фоизи (165 овоз) ариқларни бетонлаш сифатли бажарилаяптими, деган саволга “ҳа” деб жавоб берган.
38 фоизи (184 овоз) “Йўқ” жавобини белгилаган.
Респондентларнинг 19 фоизи (90 овоз) “Баъзи жойлари сифатсиз” деган жавобни белгилаган бўлса, 9 фоизи (44 овоз) жавоб беришга қийналишини айтган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида Қашқадарё, Навоий ва Жиззах вилоятларидан респондентлар фаол қатнашган. Жумладан, Аму-Қашқадарё ИТҲБ, Қуйи Зарафшон ИТҲБ ва Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ телеграм каналлари сўровни ўз ўқувчилари билан бўлишган.
Канал ва ариқларни бетонлаштириш ишларининг сифати бажарилиши вазирлик раҳбариятининг кун тартибидаги энг долзарб масалалардан ҳисобланади.
20 февраль куни вазирлик ҳайъати йиғилишида ҳамда 22 февраль куни республика штаби йиғилишида муҳокама қилиниб, масъулларга жойларда канал ва ички ариқларни бетонлаш ишлари сифатини ўрганиш, йўл қўйилган камчиликларни матбуот орқали ёритиш ҳақида топшириқ берилди.
Ахборот хизмати