Жиззах вилояти сув хўжалиги тасарруфидаги ташкилотларда яна бир хайрли иш – канал ва зовурлар, сув омборлари, насос станциялари ва бошқа гидроиншоотлар ҳудудлари ҳамда атрофига терак қаламчалари экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Воҳа сувчилар умумий ҳисобда 7 миллион 700 минг туп қаламча тайёрлаб, аввалдан белгилаб олинган ерларга экишни режалаштиришган.
Эътиборли томони, мазкур қаламчалар қадалган ҳудудлар ташкилотларнинг 560 нафар мутахассис-ходимларига шартнома асосида ажратиб берилади. Улар ниҳоллар парваришига масъул бўлиш билан бирга, қатор ораларида деҳқончилик қилиб, шахсий даромадларини ошириш имкониятига эга бўлади.
Терак қаламчалари тайёрлаб, экиш борасида Жанубий Мирзачўл магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси, “Туятортар-Қли” ИТБ, Ш.Рашидов тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси каби ташкилотлар бошқаларга намуна бўляпти. Ушбу меҳнат жамоалари аллақачон зиммаларидаги топшириқни уддалаб бўлишди.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати