Баҳодир ака кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Бомдодга яқин бироз ухлагандек бўлди-ю, яна уйғониб кетди, унинг нимадандир кўнгли ғаш. Болаларни чўчитиб юбормаслик учун аста-секинлик билан эшикни очиб ташқарига чиқди.
Тонг ёришяпти. Паркент тоғлари ортидан қуёш шуъласи кўринади. Бир парча қора булут шафақни тўсишга интилади. Ёмғир ёғадиган ўхшамасди. Баҳодир Имомов сув хўжалиги тизимида анча йиллардан бери ишлайди. У тоғли ҳудуднинг табиатини яхши билади. Бу ерда бир деганда ёмғир ёғади. Шотирлаб ёққан жаладан кейин зим ўтмай ҳаво очилиб кетади. Хуллас, тоғ ҳавосини тушуниб бўлмайди. Отаси доим бир гапни кўп такрорларди. “Ёз ёпинчиғингни ташлама, қишда ўзинг биласан, буни тоғ дейдилар, шамол қаердан турганини билмай қоласан...”. Шу боис у тоққа чиқса эгнига нимадир илиб олишни одат қилган. Ҳозир ҳам айвонда илиниб турган енгил курткасини олди. Баҳодир аканинг болалиги ҳам мана шу Сўқоқсой бўйларида ўтди. У теракзордан ўнга қайрилиб сув тақсимлаш иншооти томон йўл олди. Гидроузелдан хабар олиш керак. Сувчи доим ҳушёр бўлиши даркор. Айниқса, баҳор ойларида, буни унга устози уқтирган. Баҳодир аканинг кўнглидан навбатчи ёш йигит эди, ухлаб қолмадимикан, деган ўй ўтди. Сув иншоотигача бир чақирим юриш керак. Бирдан осмонни булут қоплаб, кишини хавотирга соладиган шамол эса бошлади. Наҳотки...(!) Баҳодир ака ниманидир олдиндан сезгандек, хавотирли ўйлар чулғаб олди. Тезроқ гидроиншоотга етиб олиш керак. Кутилмаганда ёмғир шивалаб ёға бошлади. Эгнига куртасини ташлаб олган Баҳодир ака шошилганича уни кийиб манзил томон илдамлаб кетди. Ёмғир кучайиб, жалага айланди.
У гидроиншоотга етиб келганда Сўқоқсой ўзанида сув тошиб оқарди. Бу – сел эди. Баҳодир ака бирин-кетин гидроиншоот қулоқларни очиб тошқин сувни ариқларга тақсимлай кетди. Тезроқ Сўқоқсой бўйидаги одамларни огоҳлантириш керак. Навбаҳорда 50 хонадон, Сўқоқ қишлоғида 100 хонадон истиқомат қилади.... Баҳодир Имомовнинг хушёрлиги туфайли хавфнинг олди олинди. Хавотирга ўрин қолмади. Сел ҳам унча узоқ давом этмади. Энг муҳими аҳолига зиён етмади. Тошқин ҳам анча пасайиб қолди.
Бугунги кунда Паркент тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда сел тошқинини олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Ҳудудга битта енгил машина ва оғир техника бириктирилиб, шай қилиб қўйилган. Айни кунларда муассасада Асқар Жўраев, Абдурашид Эрматов,Умид Бозоров, Ихлос Аширматов каби фидоий сувчилар хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар доим ҳушёр.
Улуғбек Ҳамроқулов,
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот котиби