2023 йилда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимидаги ташкилотлар, хусусан, Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан давлат-хусусий шериклик асосида 30 та лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Пискент туманида жойлашган “Оқтом” насос станциясида бўлиб ўтган семинарда бу борадаги вазифалар муҳокама қилинди.
Сув хўжалиги вазирлиги Давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг хизматини ривожлантириш бўлими бошлиғи Анвар Дувлонов семинарда сўзга чиқиб, мавжуд насос станцияларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш ҳар томонлама қулай ва самарали эканлигини таъкидлади.
– Аслида бу ҳамкорликдан фермер ҳам сувчи ҳам манфаатдордир, – деди А.Дувлонов. – Шундай экан, давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш фойдадан ҳоли эмас.
Бугунги кунда Бекобод, Бўстонлиқ, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Чиноз каби туманлардаги мавжуд насос станциялари давлат-хусусий шериклик асосида самарали фаолияти юритмоқда.
– Бугун вилоятимиздаги аксарият насос станциялари эскирган, уларни модернизация қилишда давлат-хусусий шериклик муҳим аҳамиятга эга, – деди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошлиғи ўринбосари А.Зокиров. – Шу боис жорий йилда бу йўналишда яна 30 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз.
Семинарда шунингдек, ҳудудларда сув таъминотини яхшилаш, давлат насос агрегатлари орқали чиқарилаётган сувларни тежаш, насос станцияларига сарфланаётган электр энергиясидан самарали фойдаланиш ҳамда тизимга рақамли технологияларни ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати