Шўрчи туманидаги «Жўрамурот Ҳотамтой» фермер хўжалигида сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, гидрометрия хизмати, сув хўжалиги махсус хизмати фаолияти, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштиришга бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Амалий семинарда Бойсун, Олтинсой, Денов, Сариосиё, Денов, Шўрчи, Узун туманларининг ирригация бўлимларининг раҳбару мутахассислари, сув хўжалик махсус хизмати шуъбаси ходимлари, «Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги каналлар бошлиқлари, мироблар, фермер хўжалиги ва кластер ташкилотлари вакиллари, сув тежовчи технологияларни ўрнатишда иштирок этаётган пудратчи корхоналар мутахассислари ҳамда тизим ташкилотлари гидрометрлари қатнашди.
Семинар қатнашчиларига Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5-сонли қарорида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Айниқса, сув тежовчи технологияларни даласига ўрнатадиган жамоаларга бериладиган имтиёзлар, кредит ажратишдаги имкониятлар, субсидия ажратиш тартиблари семинар қатнашчиларини ғоят қизиқтирган бўлса, ирригация бўлимлари ходимлари томонидан берилган саволларнинг асосий қисми туманларда ирригация бўлимлари ҳамда сув хўжалиги махсус хизмати негизида ташкил қилинадиган «Сув етказиб бериш хизмати» корхоналари қандай тартибда ишлаши ҳақида бўлди. Мутахассислар бўлажак ташкилотнинг тахминий иш тартиби ҳақида семинар иштирокчиларига маълумотлар тақдим этди.
Семинар жараёнида иштирокчилар фермер хўжалигининг ғаллазорида ўрнатилган ёмғирлатиб суғориш технологияси ҳолати билан таништирилди. Шўрчи тумани ирригация бўлими мутахассислари назорати остида ҳозирда «Drip servis Agro» МЧЖ мутахассислари фермер хўжаликларининг 200 гектар ғаллазорига молиялаштирилган 5 миллиард сўм эвазига ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатмоқда. Шўрчиликларнинг сув тежовчи технологияни қўллаш бўйича ибратли ишларидан бошқалар ҳам ўрнак олиши, ажратиладиган кредит ҳамда субсидиялардан самарали фойдаланиш зарурлиги семинар қатнашчиларига батафсил тушунтирилди.
Семинарда истеъмолчи даласига етказиб бериладиган сув «текин эмас»лигини деҳқонлар онгига етказиш, бундан кейин ҳар қатра обиҳаёт тақдири сўралиши, иложи борича иқтисод қилиш ва йўқотишларни олдини олишнинг барча чораларини кўриш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, гидрометрия хизматини намунали йўлга қўйиш, истеъмолчиларга етказиб бериладиган обиҳаётнинг аниқ ҳисоб-китобини чиқариш, сув истеъмолчилар билан тузилган шартномалар шартларига амал қилиш, кўрсатилган хизматлар ҳақини ундириш учун иш журналларнинг юритишни тартибли йўлга қўйиш бўйича гидрометрлар, ҳисобчилар, махсус хизмат ходимларига топшириқлар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати