Паркент – Тошкент вилоятининг боғдорчиликка ихтисослашган тумани ҳисобланади. Унинг меваларини, айниқса шириндан-шакар узумларини тотиб кўрмаган юртдошимиз топилмаса керак. Бир сўз билан айтганда Паркент боғбонлар макони. Бу ерда сувнинг қадри баланд, чунки ҳудуд қир-адирликдан иборат. Шу боис ҳам туманда сувга эътибор доим юқори бўлиб келган.
Туманнинг Қорақалпоқ қишлоғида бўлиб ўтган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда Сув хўжалиги вазирлиги, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси вакиллари, фермер ва туман сувчилари иштирок этди.
Семинарда дастлаб туман ички ариқларини бетонлаштириш ҳақида сўз борди.Бугун ички ариқ ва каналларни бетонлаштириш сув сарфини олдини олади. Баҳорги мавсумгача ички ариқларни бетонлаштириш, муҳим ва долзарб тадбир эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Юртбошимизнинг жорий йил 5 январда эълон қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сувдан самарали фойдаланиш, электр энергиясини иқтисод қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Семинарда ҳавза бошқармаси бош мутахассиси Туроб Қаюмов ишчи-ходимларни қарорнинг мазмун-моҳияти билан таништирар экан, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда мазкур қарор алоҳида аҳамият эга эканлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида иш бўйича юзага келадиган ҳар қандай муаммо ва масалаларни раҳбар ходимлар иштирокида ечиш, режа-кўрсаткичлар бажарилиши, топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, шахсий масъулиятни кучайтириш – меҳнат ютуқлари омил эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати