Бухоро вилоятида вегетация мавсумигача 43,4 километр узунликдаги хўжаликлараро каналларни бетонлаштириш, фермер ва кластер корхоналари томонидан 2023–2024 йил кузги-қишки мавсумида сув йўқотилишининг олдини олиш мақсадида 1200 километр узунликдаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган.
Тезкор маълумотларга кўра эса бугунги кунгача фермер ва кластер корхоналари томонидан 364,5 километр узунликдаги ички тармоқлари бетонлаштирилган.
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда бу борадаги ишлар муҳокама этилди. “Бухоросувқурилишинвест” ДМ бошлиғи О.Қодировнинг таъкидлашича, жорий йилнинг вегетация мавсумигача 8 та объектни (43,4 километр) бетонлаштириш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунда 7,2 километр узунликдаги каналлар бетонлаштирилган.
Олот туманидаги 5 километр узунликдаги “Тайқир-2” каналини реконструкция қилиш ишлари бошланган. Ҳозирги кунга қадар “Қоракўлмахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан 2,2 километр узунликдаги қисмида бетон ишлари бажарилган. Объектда 40 нафар қурувчи-ишчи ва 14 та техника воситалари жалб этилганлигини такидлаб ўтди.
Ички ариқларни бетонлаштириш ишларини ташкил этиш ва кузги-қишки мавсумда амалга оширилаётган ирригация мелиорация тадбирлари талаб даражада эмаслиги сабабли барча туман ирригация бўлимлари, ирригация тизимлари бошқармаси, мелиоратив экспедиция раҳбарлари ҳамда сув хўжалиги ташкилотларидан туманларга бириктирилган вакиллар ҳамда бошқа тегишли раҳбар ходимлар иши танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати