«Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация тизими бошқармасига қарашли Денов туманида жойлашган гидроучасткада ўтказилган семинарда ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, «Яшил макон» умуммиллий дастури бўйича экилган мевали ва манзарали дарахт кўчатлари парваришини ташкил этиш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенгроқ оммалаштириш мақсадида матбуот хизмати билан алоқани мустаҳкамлаш, сувчиларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг вилоят, республика, дунё янгиликларидан хабардор бўлиши учун нашрларга обуна масалалари муҳокама этилди.
Семинар қатнашчилари иштирокида тизимга қарашли каналлар қирғоқбўйи ва гидроучасткаларда ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш аҳволи ўрганилганда, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда ибратли ишлар қилингани равшанлашди. Ирригация тизим бошқармаси мутахассислари асосий вазифаларидан бўш пайтлари деҳқончилик билан шуғулланиб, 2 гектар майдонда ғалла парваришлашаяпти. Бир гектар майдонда ўстирилаётган саримсоқ пиёзнинг ривожи яхши, шунча майдонда парваришлаётган сабзини бемалол таомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин, 1,5 гектар ердаги пиёзнинг авжи баланд. Бошқарма мутахассислари ҳозирда каналлар атрофидаги жами 2,5 гектар ерни картошка ва баҳорги зироатлар етиштиришга шайлаб қўйишибди. Бостирмаларда 4 бош қорамол, 16 бош қўй, 25 та товуқ боқилмоқда экан. Ҳар ойда ходимлардан пул тўплаб бозордан қўй сотиб олавергандан кўра отарда совлиқларни кўпайтириш ҳисобига қўйчиликни янада ривожлантириш мумкинлиги юзасидан маслаҳат ва тавсиялар берилди. Аммо бошқармада 100 нафардан кўп ходим меҳнат қилаётгани, катакларда боқилаётган 25 та товуқ гўшти ва тухуми шунча кишига тақсимланганда икки донадан ҳам тегмаслиги танқид қилиниб, бошқарма масъулларига товуқчиликни янада ривожлантириш топшириғи берилди.
Ўтган йилнинг баҳори ва куз ойларида бошқарма тасарруфидаги 13 та йирик каналлар ҳимоя зонасидаги бўш жойларга 22 минг туп тут ниҳоли, 5 минг тупдан кўпроқ мевали ҳамда манзарали дарахтлар кўчати экилгани, бугунги кунда бошқарма ходимлари, айниқса каналлар раҳбарлари ва мироблар бошчилигида ҳар туп экилган кўчатлар парваришланаётгани эътироф этилди. Шунингдек, баҳор ойларида кўчат экишга пухта тайёрланиш юзасидан топшириқлар берилди. Семинар якунида бошқарма ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳавза бошқармаси ва сув хўжалиги вазирлиги сайтида кам ёритилаётгани айтилиб, матбуот хизмати билан алоқани мустаҳкамлаш, бажарилаётган ва кўпчиликка ўрнак қилиб кўрсатиладиган юмушларни ёритиб бориш тавсия қилинди. Катта бир бошқармада нашрларга саноқли обуна бўлингани айтилиб, йилнинг қолган вақти учун қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳомийлигидаги тармоқ газета-журналларига обунани расмийлаштириш таклиф этилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати