Қумқўрғон тумани ирригация бўлими маъмурий биносида сув хўжалиги тизим ташкилотларини малакали олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш ва ёш мутахассисларга яратилган шароитлар, юридик хизмат фаолиятини самарали йўлга қўйиш, сув хўжалиги тизим ташкилотлари томонидан ҳужжатлар билан ишлаш ҳамда ижро интизоми ҳолати мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарда ирригация бўлимидаги мавжуд штат бирликларига мутахассисларни ишга қабул қилишда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги, олийгоҳни битириб келаётган ёш кадрларни ишга қабул қилишга етарлича эътибор қаратилмаётганлиги таҳлил этилиб, кейинги икки йил орасида ирригация бўлимига атиги бир нафар олий маълумотли мутахассис жалб қилинганлиги танқид қилинди. Ҳозирда ирригация бўлимида 3 та лавозим вакант турганлигига қарамай, ўтган йили ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассис сув хўжалиги махсус хизмати шуъбасида меҳнат қилаётгани, истеъмолчилар томонидан ўз вақтида маблағ ўтказилмаслиги сабабли махсус хизмат ҳисобига маблағ тушмаслиги ва ёш кадр ўз вақтида маош олмаётганлигини рўкач қилиб, соҳадан кетиб қолиши ҳеч гап эмаслиги, уни ўзи эплайдиган иш билан таъминлаш зарурлиги ҳақида бўлим бошлиғи ва ҳисобчига топшириқ берилди. Семинарда янгидан тузиладиган «Сув етказиб бериш хизмати» ташкилотига тажрибали ирригаторлар билан бирга ёш кадрларни кўпроқ ишга қабул қилиш тавсия қилинди.
Семинар қатнашчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори хусусида қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилиб, сув тежовчи технологияларни жорий этаётган фермерларга субсидия ва кредит ажратиш тартиблари ҳамда имтиёзлар ҳақида тўлақонли маълумот тақдим этилди. Шунингдек, соҳага доир қабул қилинаётган қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижроси юзасидан тавсиялар берилди.
Туман ирригация бўлими масъул мутахассислар томонидан ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизоми бўйича қатор камчиликларга йўл қўйилаётгани мисоллар билан танқид қилиниб, ҳар бир мурожаат ва ариза ортида инсонлар тақдири ва манфаати турганлиги айтилиб, тегишли мутахассисларга ариза ҳамда мурожаатларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати