Музработ туманида фаолият кўрсатаётган «Indenim» кластерининг «Қўнғирот-Жайхун» ҳудудидаги ғаллазорда фермер хўжаликлари раҳбару аъзолари, сувчилар, канал бошлиқлари, мироблар, гидрометр хизмати мутахассислари, сув тежовчи технологияларни жорий қилишга масъул мутахассислар, туман «Сув етказиб бериш хизмати» мутахассислари иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда сув ресурсларидан фойдаланиш, гидрометрия хизмати, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш ишларини жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Гидрометрларга туман ҳудудидаги 110 та гидропостларни таъмирлаш, оқлаш, буёқлаш ва атрофини ободонлаштириш, сув ўлчаш рекаларини тартибга келтириш топшириғи берилди.
Тадбирда туман фермер хўжаликлари томонидан ғалла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича бажарилаётган ишлар таҳлил қилинди. Жорий мавсум туман ғаллазорларининг 1900 гектари ёмғирлатиб суғориш усулида суғорилиши режалаштирилган бўлиб, бугунгача талабгорларнинг ариза ва бошқа ҳужжатлари шакллантирилиб, кредит ажратиш юзасидан ҳужжатлар тижорат банкларига тақдим қилинган. «Indenim» кластер ташкилоти томонидан 200 гектар ғаллазорда ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун 5 миллиард сўм молиялаштирилган ҳамда «Drip servis Agro» МЧЖ мутахассислари томонидан қурилиш ишлари бошланган. Тадбир давомида бошқа фермер хўжаликлари ҳам кредит масаласини ижобий ҳал қилиб, сув тежовчи технологияни ўрнатишни тезроқ бошлаш тавсия қилинди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати