Буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони, ҳазрат Мир Алишер Навоий сувчиларнинг дилига яқин, миробларни қўллаб-қувватлаган улуғ ижодкор.
Ўз асарларида сувга юксак эътибор қаратган, шу билан бирга вазир бўлган даврларида Ҳиротда ободончилик ишларини авж олдириб, ўзи бош бўлиб сувсиз ерларга сув чиқарган, эски ариқларни тозалаттирган, янги каналлар қаздирган.
Мисол учун, 1480–1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан мадраса, работ, масжид, хонақоҳ, ҳаммом, кўприклар билан бирга 20 та ҳовуз ҳам қурдирган. Бу билан ўша давр одамларининг сув таъминотини яхшилашга ҳисса қўшган.
Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари бир шеърларида шундай деганлар:
Наъфинг агар халққа бешакдирур,
Билки бу наъф ўзингга кўпракдирур.
Навоий “Хамса”сининг “Фарҳод ва Ширин” достонида шундай сатрлар бор:
Ариққа қўйдилар “Наҳр ул-ҳаёт” исм,
Фалакваш ҳавзға “Баҳр ун-нажот” исм.
Шоир бу билан Фарҳод минг машаққатлар ила сув келтирган ариқ ва ҳовуз эл-юртга ҳаёт ва нажот бағишлаганини эътироф этган.
Ширинга бўлган севгиси йўлида тоғни талқон қилиб, сув келтирган Фарҳод тимсоли тажрибали, фидойи сувчиларимиз томонидан яратилган ҳамда бугунги кунда сув хўжалиги иншоотлари ва ташкилотлар биносига кўрк бериб турибди.
Зарафшон магистрал тизимидан фойдаланиш бошқармасига қарашли “Равотхўжа” гидроузелидаги ҳамда Аму-Қашқадарё ИТҲБ биноси олдидаги ҳайкаллар бунга мисолдир.
Шуҳрат Суюнов,
Ахборот хизмати бошлиғи