Сурхондарё вилоятида фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотлари далаларини сув билан таъминлайдиган ички ариқ, шоxариқ, кичик канал ва бошқа суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари қизғин паллада. Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошланган бу тадбир то суғориш мавсумигача давом эттирилади ҳамда шу вақт орасида 1100 километр узунликдаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган.
Аму-Сурхон ИТҲБ Қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Илҳом Файзуллаевнинг таъкидлашича, ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш кейинчалик, яъни куз ойларида ҳам давом эттирилади. Чунки тажрибадан шу нарса аёнки, тупроқ ўзанли ички ариқлар ҳар йили лойқаю чиқиндиларга тўлиб қолмоқда, қишлоқ аҳолиси ва фермер хўжаликлари аъзоларини оммавий равишда сафарбар этиш ҳисобига қайта-қайта қазиш ва тозалашга тўғри келмоқда. Боз устига ички ариқлар бетонлаштирилмагани туфайли оқаётган обиҳаётнинг бир қисми ер остига сингиб кетиши ва қуёш тафтида буғланиши оқибатида йўқотилмоқда.
Жорий йилнинг 5 февраль ҳолатида вилоятдаги ҳамма туманлар ҳудудидаги ички суғориш тармоқларининг 623 километр қисми бетонлаштирилди. Шунинг 308,8 километри секундига 01–05 метр куб, 252,9 километри секундига 05–1,0 метр куб, 61,7 километри секундига 1,0–2,0 куб метр сув ўтказиш қобилиятига эга ички суғориш тармоқларидир.
Эътироф этиш керакки, ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотлари маблағлари ҳамда ишчиларини сафарбар қилиш ҳисобига бажарилаётир. Албатта, фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларини бетонлаштиришга жалб қилиш ва маблағ ажратишга кўндириш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Туманлар ҳокимлари, ҳокимларнинг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси раҳбару мутахассисларининг фермер хўжаликлари ҳамда кластер ташкилотлари раҳбарлари билан йиғилишлар ўтказиб, ички суғориш тармоқларидан экин майдонларига обиҳаёт бориши, тупроқ ўзанли бўлгани учун обиҳаётнинг бир қисми йўқотилаётгани ва айнан шу сабаб бетонлаштириш шартлиги тушунтирилгани натижасида сув истеъмолчилари масала моҳиятини тўғри тушуниб, суғориш тармоқларини бетонлаштиришга киришганлар.
– Мутахассисларимиз бетонлаштириш зарур бўлган канал, шохариқ ва ариқларни лигини ўрганиб чиққач, вилоят раҳбариияти маҳаллий бюджетдан минг тонна цемент ажратишга амалий кўмак беришди, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ бошлиғининг ўринбосари Тўлқин Маҳмудов. – Цемент ва бошқа зарур ашёлар талабномалар асосида етказиб берилди. Ҳозирда жойларда бетонлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бу эса сувдан самарали фойдаланиш, тежаш ҳамда йўқотишларни камайтиришга хизмат қилади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати