Узун тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси ҳамда мазмун-моҳияти, сув ҳисоби, сув тежовчи технологиялар афзалликлари, гидрометрия хизматини самарали ташкил этиш мавзусида семинар ташкил қилинди.
Семинар иштирокчиларига мавжуд гидропостларни мавсумга шайлаш, сув ҳисобини юритишда гидрометрия хизматини ташкил этиш, истеъмолчиларга сув етказиб бериш тартиблари ҳақида батафсил тушунча берилди.
Семинарнинг давоми “Искандар Турдалиев” фермер хўжалиги даласига кўчди. Ушбу жамоа аъзолари, пудратчи корхона – «Omad start» МЧЖ мутахассислари ва ирригаторларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилишда онлайн шаклда кредит олиш имконини берувчи «suvkredit.uz» платформасига ариза топшириш тартиблари юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Маълумотларга қараганда, бугунгача туманда даласига сув тежовчи технологияларни жорий этишни истаган 15 та талабгор фермер хўжаликларидан ариза тушган ва улардан 12 тасининг 245 гектар майдонига тежамкор технологияларни ўрнатиш учун ҳужжатлари кредит ажратиш юзасидан банкларга тақдим қилинган, 2 та фермер хўжалиги даласи учун 596 минг сўм молиялаштирилган.
Фермер хўжаликлари аъзоларига банкдан олинган кредитнинг маълум бир қисми субсидия тарзида шу йилнинг охиригача қоплаб берилиши тушунтирилди. Мутахассислар ва истеъмолчилар ҳамкорлигида «suvkredit.uz» платформасига аризалар топширишни жадаллаштириш ва кредитни барвақт олиб, сув тежовчи технологияларни кенгроқ майдонларда жорий этишга эришиш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати