Яна саноқли кунлардан кейин юртимизга баҳор фасли кириб келади. Бу фасл аграр соҳада меҳнат мавсумининг бошланишидан дарак беради. Экин ишларини бошлаган деҳқонга эса сув табиий зарурат ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бу даврда сув тизими ходимларининг ҳам юмушлари ортади.
Мавжуд экин ерлари насослар ёрдамида етказиб бериладиган сув билан суғориладиган Бухоро вилоятида ҳам янги мавсумга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Бу жараёнда эса насос станцияларининг тайёргарлиги муҳим ўрин тутади.
Шу мақсадда Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан мавжуд насос станцияларини навбатма-навбат таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Таъмирлаш ва тиклаш ишларининг бориши эса бошқарманинг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан назоратга олинган.
Ишчи гуруҳ аъзолари Қоракўл туманидаги “Янгиобод” насос станциясида амалга оширилган ишлар билан танишиш чоғида насос станция мухандис ва техник ходимлари иштирокида бажарилган ишлар, аниқланган камчиликлар муҳокама этилди. Жумладан, иншоот кучида тежамкорлик асосида фойдаланиш, амалдаги техник талабларга қатъий риоя этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ўрганиш давомида насос станцияси ҳудудига мевали ва манзарали кўчат экиш ишлари ҳам амалга оширилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати