Мавжуд сув ресурсларида ўта тежамкорлик асосида фойдаланиш, уни истеъмолчилар ўртасида адолатли тақсимлаш, амалиётга бу борадаги замонавий технологияларни жорий этиш, сув сарфини назорат қилишни такомиллаштириш, “Сув – текин эмас” деган иборани сувдан фойдаланувчилар онгига сингдириш каби масалалар бугун сув ҳўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган кўп сонли ишчи ва мутахассисларнинг энг долзарб вазифаси саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни тизими такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 февралдаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу жараёнларни мувофиқлаштиришда асосий дастуриламал вазифасини ўтайди. Мазкур ҳужжатларнинг мазмун моҳиятини эса сув тизими соҳасида кенг тарғиб этиш зарурат ҳисобланади.
Шу мақсадда Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан ўқув амалий семинар ташкил этилди. Семинарда туманлар “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муссасалари бошлиқлари, бош гидрометрлар, сув тежайдиган технологиялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассислар, бош ҳисобчи ҳамда кадрлар бўйича масъул мутахассислар иштирок этди.
– Амалий семинарда бундан кейинги фаолиятимизга оид бир қатор кўникмаларга эга бўлдик, – дейди Қоракўл тумани “Сув етказиб бериш хизмати давлат муссасаси бошлиғи Ҳамроқул Равшанов. – Шунингдек, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати