Бугун Сув хўжалиги вазирлигида Буюк соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига бағишлаб тантанали тадбир ўтказилди.
Уни вазир ўринбосари Дилшоджон Ходжиахмедов кириш сўзи билан очиб берди.
Соҳибқирон Амир Темур деҳқончилик ва ирригация ишларига катта аҳамият берган.
XV аср охирида Мовароуннаҳр ва Хуросондаги катта ва кичик дарёларда йирик ирригация иншоотлари, коризлар, сув омборлари ва ҳавзалари қурилди. Натижада бир нечта вилоят, шаҳар ва қишлоқларда сув таъминоти яхшиланди. Қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши эса суғорма деҳқончилик майдонларини кенгайтирди, янги қишлоқлар, деҳқон қўрғонлари вужудга келди.
Амир Темур ҳукмдорлиги вақтида, шунингдек, Мурғоб водийсида, Кобул яқинидаги Бадон, Жуйинов қишлоқлари орқали каналлар қазилиб сув олиб келинган. Муаррих Ҳофизи Абру ўз асарида Дилкушо, Ганчравон, Ганчхона, Умар Тибон, Шайх Али Саъд, Шайх Али Қутлуғ Хонул каби 20 дан ортиқ каналларнинг номини келтиради. Маълумки, Амир Темур Кавказга қилган ҳарбий юришлари пайтида Грузия ва Озорбайжонни фатҳ этиб, қишни Қорабоғда ўтказади. 1399 йилда Ҳиндистон юришидан қайтишида яна Қорабоғга келади.
«Темурнинг Қорабоғда олиб борган ободонлаштириш ишлари орасида, - деб ёзади озарбайжонлик тарихчи олим З.Пириев, - Байлаконда қурилган суғориш канали муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қаровсиз, фойдаланилмай қолган канални кўрган Темур уни тозалашни буюради. 60-70 километр узунликдаги бу канал бир ой ичида қайта тикланиб, дала ва экинзорларга сув бера бошлади. Канал Темур кўрсатмаси билан «Наҳри Барлос» деб аталди».
Вазир ўринбосари Д. Ходжиахмедов Амир Темурнинг каналлар қаздириб, сув таъминотини яхшилашга қаратилган тадбирлари ўз самарасини бериб, экин майдонларини кенгайтириш ва озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш имкониятини берганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси доценти Даврон Разаков “Амир Темур – ватанпарварлик тимсоли” мавзусида чиқиш қилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид Амир Темур сиймоси, соҳибқироннинг дунё тарихида тутган ўрни, Ватан, миллат обрўсини кўтаришдаги мавқеи ҳақида сўз юритди.
“Соҳибқирон авлодимиз” шеърини ўқиб берди.
Тадбир якунида Д.Ходжиахмедов йиғилганларни яқинлашиб келаётган тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган улуғ айём – Рамазон ҳайити билан вазирлик раҳбарияти номидан табриклади.
Ахборот хизмати